Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

ХАЛҚИМИЗ БОР БЎЛСИН

 
 

2015 йилнинг 23 ноябрь куни эрталаб соат 04.00 атрофида Самарқанд шаҳри Сўзангарон маҳалласида жойлашган “Хўжа Нисбатдор” жомеъ масжидида ёнғин юз берди. Кўнгилсиз ҳодисанинг келиб чиқишига масжид ёнидаги савдо дўкони билан айвон туташган қисмида электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлган. Оқибатда масжиднинг қўшимча айвонларига зарар етган. Ҳодисадан хабар топган маҳалла аҳли зудлик билан ўт ўчириш ходимларига хабар берган.

Ўт ўчириш ходимларининг саъй-ҳаракати ва фуқароларнинг яқиндан берган кўмаги билан ёнғин тезда бартараф этилган. Натижада масжиднинг асосий айвон ва хонақо қисмига талофат етмаган. Соат 05.00 да ёнғин бутунлай бартараф этилган. Эҳтиёткорлик жиҳатидан ёнғин хавфсизлиги ходимлари тонг ёришгунгача воқеа жойида туришган.

Асосийси, бу кўнгилсиз ҳодисадан ҳеч ким саросимага тушмади. Ёнғин рўй берган куни бомдод намози жамоат билан ўқилди. Воқеадан хабар топган вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги раҳбарияти эрта тонгдан шу ерга етиб келди. Улар зудлик билан ободонлаштириш тизими мутасаддилари билан боғланиб, қўшимча ёрдам кучлари ва юк ташувчи автоуловларни ҳозирладилар.

Самарқанд шаҳар бош имом хатиби Умид Рустамов пешин намозини жамоат билан ўқиди ва ибодатдан сўнг бу ҳолат кўнгилсиз ҳодиса экани, уни бошқача талқин қилмасликни, ўз номи билан кўнгилсиз ҳодиса, “тилсиз ёв” эканлиги, бундай пайтда ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, ҳодисани бартараф этишга киришиш кераклигини таъкидлади.

Бир сўз билан айтганда, масжидда ҳозирда намозлар тўкис адо этилмоқда. Қисман зарар етган жойда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бир гуруҳ усталар, маҳалла аҳли ва масжид жамоаси бир ёқадан бош чиқариб, ёнғин асоратларини бартараф этяпти. Яқин кунларда масжиднинг олдинги қиёфаси қайта тикланади, кўркам ҳолатга келтирилади.

Масжид қавмидан Қиличов Фазлиддин бобо бу иш Аллоҳнинг иродаси экани, бандадан талаб қилингани - “бундай ёмон оқибатдан асрагани учун шукр қилмоқлик лозим”лигини айтиб ўтди.

Исматов Шавкат бобо эса ёшу қарига ўрнак бўлиб, тозалаш-тиклаш ишларида шижоат кўрсатмоқда.

Халқимизда “Дўст кулфатда билинар” деган нақл бор. Холис кишилар ушбу ҳолатда қўлларидан келган ёрдамларини аямадилар. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, айрим қўштирноқ ичдаги “дўстлар” ҳам ўзларининг “бор”ликларини эслатиб қўйдилар. Оммага кўмаклашиш ўрнига тирноқ орасидан кир қидириб, айбдорларни ахтаришга, ёнғин хавфсизлиги ходимларини лоқайдликда, раҳбариятни эса керакли чораларни кўрмаганликда айблашга тушиб кетдилар. Аниқ маълумоти, тасдиқланган хабари бўлмасдан туриб қайсидир идорага айб қўйишга, бу ҳақда оммага ёйишга кимнинг қандай ҳаққи бор?

Офат бўлган жойда қўлига иш қуроли олиб, уни бартараф этишда елкама-елка туриш, кўмаклашиш ўрнига масжидни суратга олиб, интернетга зудлик билан жойлаштириш кимга керак бўлибди?

Масжидда – эътиқод амаллари бажариладиган жойда содир бўлган кўнгилсиз ҳодисани интернетга, яъни бутун дунёга бунчалик шошилинч равишда жар солишга уларни нима мажбур қилди экан? Бу шунчалик муҳим хабар эдими, уни тарқатишга бунчалик шошилмаса?! Ёки жиғилдон ўлгур юрт шаъни, шавкати, обрўсидан ҳам устунми?

Париж воқеаларини айтмай турайлик, дунёнинг қайси нуқтасида ҳатто табиий офат рўй берса, Ислом динига олиб келиб тақайдиганлар керагидан ортиқ топилади. Ҳар қандай кўнгилсиз ҳодиса рўй берса, бутун дунё аҳли (Ислом дини вакилларидан ташқари, албатта) аввало ўша воқеа атрофида мусулмонлар бор ёки йўқлигини суриштираётган бир пайтда масжидда кичик ёнғин содир бўлганлиги тўғрисида жар солиш наҳотки шу юртдошимизни ўйлантирмаган бўлса?!.

Ўзбекистондаги тинчлик-хотиржамликка кўз тегмасин. Бу бизнинг энг катта, бебаҳо бойлигимиз. Уни асраб-авайлашимиз, қадрига етишимиз керак.

Бугун интернетда ажойиб хабар тарқатилди: Ўзбекистон сайёҳлар учун энг хавфсиз мамлакатлар қаторида эътироф этилди. Ўз навбатида, бу террорчилик мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётига таъсир кўрсатмайдиган энг тинч мамлакатларидан бири, деб тан олингани ҳамдир.

Йилдан йилга сайёҳлар оқими кўпайиб, иқтисодий алоқалар ўрнатиш истагида келаётганлар, бир сўз билан айтганда, дунёнинг нигоҳи тушиб турган Самарқанддан кўпроқ яхши хабарлар тарқалишини барчамиз хоҳлаймиз.

...“Хўжа Нисбатдор” жомеъ масжиди кун сайин ободонлаштирилмоқда. Бағрикенг, оқил, имон-эътиқодли юртдошларимиз бор экан, бундай кўнгилсиз ҳодисаларни бартараф этиш ортиқча қийинчилик туғдирмайди. Аксинча, маҳаллани, қавмни, имони бутун инсонларни бир-бирига янада яқинлаштирмоқда.

Зайниддин Эшонқулов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилоят вакили ўринбосари


Киритилган вақти: 26/11/2015 00:00;   Кўрилганлиги: 3303
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/xalqimiz-bor-bolsin
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 15:33
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг