Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

“Вақф” хайрия жамоат фонди қурбонлик маросими ўтказди

 
 

Самарқанд вилоятининг 271 та жоме масжидида эрта тонг билан йиғилган жамоат  “Қурбон ҳайити” намозини адо этдилар. Намоздан сўнг Аллоҳ таолога дуо қилиб, ибодатларни қабул қилиши, гуноҳларни мағфират этишини, халқимизга ушбу қутлуғ айёмни файзу баракотли бўлишини, юртимиздаги тинчлик, осойишталик неъматини бардавом айлаб, халқимиз фаравонлигини янада зиёда этишини сўраб дуолар қилдилар.

Ислом оламидаги муборак айёмлардан бири бўлган Қурбон ҳайити – меҳр-мурувват, саховат байрами бўлиб, муқаддас динимиз анъаналарига кўра, моддий имконияти бўлган кишилар томонидан ушбу ҳайитда қурбонликлар қилинади ва биринчи навбатда эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож кишиларга тарқатилади. Кексалар, беморлар ва ногиронлиги бўлган шахслардан ҳол сўраб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади. “Вақф” хайрия жамоат фондининг Самарқанд вилоят филиали ҳам бугун Самарқанд туманидаги “Хўжа Аҳрор Валий” жоме масжидида қурбонлик тадбирини ўтказди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакилининг ўринбосари Х.Саттаров, Самарқанд шаҳар бош имом хатиби Н.Исломов, “Вақф” хайрия жамоат фондининг вилоят филиали раҳбари ўринбосари А.Султонов, “Хўжа Аҳрор Валий” жоме масжиди имом хатиби Б.Шарипов ҳамда бир қатор меҳмонлар иштирок этди.   

 Ушбу маросимда бир бош қора мол қурбонлик қилиниб, унинг гўшти туманларда истиқомат қилувчи 30 нафар муҳтож оилаларга, Имом Бухорий ҳадис мактаби, Вилоят ногиронлар жамияти аъзолари, “Мард Ўғлон” Давлат мукофоти совриндорининг никоҳ тўйи ва бошқаларга жами 205 килогарм миқдорида гўшт хайрия сифатида тарқатилди. Бундан ташқари “Вақф” хайрия жамоат фондига қарашли зиёратгоҳ ва масжидлар томонидан ҳам қурбонликлар ташкил қилиниб,  ёрдамга муҳтож ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар, кам таъминланган оилаларга берилмоқда.

“Шу ўринда “Вақф” хайрия жамоат фонди ушбу қурбонликни ташкил этиш ва гўштларини тарқатишда фондга кўмакдош бўлган барча кўнгилли инсонлар ва фонд ходимларига ташаккур айтади!”, деди “Вақф” хайрия жамоат фондининг вилоят филиали раҳбари ўринбосари А.Султонов.

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги


Киритилган вақти: 11/08/2019 17:43;   Кўрилганлиги: 1101
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/vaqf-xayriya-jamoat-fondi-qurbonlik-marosimi-otkazdi
Чоп этилган вақт: 26/02/2024 09:32
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг