Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

УСТОЗНИ ХОТИРЛАБ

 
 

Барча динлар ичида илк бор илмнинг инсон ҳаётидаги ўрнига аҳамият берган ва илмга кенг йўл очган дин – Ислом динидир. Инсониятга қиёматгача дастурул амал бўлган Қуръон Каримнинг илк оятлари ҳам бунга яққол далил бўлади. Муқаддас динимизда илмнинг ва уламоларнинг ўрни беқиёсдир. Дунёнинг мувозанатда туришлиги ҳам Аллоҳни қалбига жойлаган, тақводор уламоларга боғлиқ.

Али разияллоҳу анҳу таъбирлари билан айтсак, у зот шундай деган эдилар: “Олим рўзадордан ҳам, намозларида қоим намозхон ва мужоҳиддан ҳам афзалроқдир. Дарҳақиқат, Аллоҳдан қўрқадиган, илмга хиёнат қилмайдиган уламоларимиз бор экан, бизлар тараққиёт ва фаровонлик сари одимлаб бораверамиз. Аллоҳнинг хохиш-иродаси ила биз мана шундай илмли, тақводор, зукко ва ғайратли олимларимизнинг биридан жудо бўлдик. Гап ким ҳақида кетаётганини барчангиз англаб турибсиз деб ўйлайман. Ҳа, устозимиз, илмда суянчиғимиз Мустафоқул домла бу фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар. У кишининг динимиз ривожи, халқнинг маънавий ҳаётига қўшган ҳиссалари беқиёс эди.  Мустафоқул домла бизга устоз, отадек меҳрибон, самимий маслаҳатгўй эдилар. У зот 1945 йил 6 июлъда Самарқанд вилояти Самарқанд туманида таваллуд топган. 1964 - йил Бухоро шаҳар “Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юртига ўқишга кириб, 1971 йил ушбу билим юртини тамомлаган. Шундан сўнг, 1971 йил Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ўқишга кирган ҳамда ушбу олийгоҳни 1975 йил имтиёзли диплом билан тугатган. Олийгоҳни тугатгач, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили, мутавалли, имом-хатиб каби лавозимларда динимиз равнақи йўлида узоқ йиллар хизмат қилди. Сўнги йилларда вилоят бош имом-хатиби маслаҳатчиси ҳамда Самарқанд шаҳар “Хўжа Зудмурод” жоме масжиди имом-хатиби лавозимларида фаолият олиб бораётган эдилар.

Динимиз Ислом - инсонийлик динидир, одоб‑ахлоқ динидир, яхшилик ва эзгулик динидир. Исломга кўра, инсон ўлиши билан унут бўлмайди ва шу боис, унинг тириклар зиммасида ҳақлари, тирикларнинг ўтмишдошлари олдида бурчлари бўлади. Шунинг учун ҳам Исломда ўтганларни хотирлаш, уларнинг ҳақларига дуо қилиш тарғиб этилган. Қуръони Карим мусулмон умматини ўз ўтмишдошларини хотирлаб, ҳақларига мағфират сўраб дуода бўладиган уммат, дея таърифлаган. Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида шундай дейди: “Улардан кейин келганлар: Роббимиз! Бизларни ҳам, биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни ҳам мағфират қилгин ва бизнинг қалбимизда иймон келтирганларга нисбатан ғилли‑ғаш қўймагин. Роббимиз! Албатта, Сен ўта шафқатли ва раҳмлисан (Ҳашр сураси, 10‑оят). Устозимиз ҳақларига шогирд ва мухлислари ҳамда диний соҳа ходимлари томонидан Ислом дини учун қилган барча хизматлари ҳамда қилган амалларидан ҳосил бўлган ажру-савоблардан у кишининг охиратдаги мартабалари баланд бўлишини  Аллоҳ таолодан сўраб, Хатми Қуръонлар адо этилди.

Уламолар Пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг меросхўрлари ҳисобланишади. Бу ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир, пайғамбарлар эса динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмнигина мерос қилиб қолдирганлар. Кимда-ким уни олган бўлса, мўл улушни олибди”- деб марҳамат қилдилар. Ҳа, устозимиз Мустафоқул домла биз мўмин-мусулмонларга туганмас мерос қолдирган десак муболаға бўлмайди менимча. Жумладан, у киши Самарқанд туманида жойлашган “Хўжа Аҳрори Вали” ислом билим юртининг очилишида ҳамда ўз фаолиятини самарали давом эттиришида ташаббускорлардан бири бўлиб, ушбу даргоҳда раҳбарлик ва устозлик лавозимларида фаолият олиб бордилар. Шу йиллар мобайнида талабалар ҳамда жуда кўп мўмин-мусулмонларга илм ўргатиб, дин ривожи, ислом тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган шогирдларни етиштириб чиқарди. У зот ҳозирги давр талабини яхши идрок қилган ҳолда фаол, касбига виждонан ёндашадиган инсон эдилар. Шунингдек, эътиқоди мустаҳкам, сиёсий-маънавий савияси истиқлол даври талабларига тўла жавоб бера оладиган, ўзининг меҳнатсеварлиги, тўғрисўзлиги, ҳозиржавоблиги, билимдонлиги, атрофдагиларга меҳрибонлиги ва доимо ёрдамга тайёрлиги билан жамоамизда, шаҳар жамоатчилиги ҳамда масжид жамоати орасида катта  обрў-эътибор қозонган зот эдилар. Устознинг саксонга яқин илмий-оммабоп мақолалари матбуотда чоп этилган. Ватан олдидаги хизматлари Республика ва вилоят миқёсида муносиб қадрланиб, у киши бир қанча унвон ҳамда мукофотлар билан тақдирланган.

Устозимиз ҳаётларида кўп машаққатлар, синовларни бошларидан ўтказдилар. Бироқ, Парвардигоримиз ато этган юксак ирода билан, сабр билан бутун умрлари давомида исломга, миллат маънавиятининг ўсишига, маърифатга, китобхонлик ва мутолаага, айниқса ёш авлод тарбиясига хизмат қилишдан чарчамадилар. Аллоҳ таоло устозимизнинг динимиз ривожи йўлидаги фидокорона хизматлари, қилиб ўтган барча эзгу амаллари ажрини охиратда Ўзига маълум ададларда кўпайтириб берсин, жаннатлари ила мукофотласин. Устозимизнинг қолдирган илмий мерослари, мавъизаи ҳасаналаридан халқимиз кўп йиллар манфаатдор бўлишини муяссар айласин. Устозимизнинг охиратлари обод бўлсин. Биз Самарқанд илм аҳллари ва шогирдлари у кишининг ҳақларига доимо дуои-истиғфорларда бўламиз ҳамда у кишининг хайрли ишларини давом эттирамиз инша Аллоҳ. Охиратингиз обод бўлсин Устоз!


Зайниддин Эшонқулов ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 03/09/2020 13:37;   Кўрилганлиги: 1359
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/ustozni-xotirlab
Чоп этилган вақт: 13/05/2024 06:02
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг