Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Устоз Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратларини хотирлаб

 
 

Вақт ҳамма нарсани даволайди, дейдилар. Бир одам оламдан ўтар экан, ортида қолган яқинларининг қалбидаги айрилиқ дарди ҳам йиллар ўтиб, енгиллашади. Баъзилар  эса бир неча йиллардан сўнг бутунлай унут бўлиб кетади. Аммо шундай инсонлар борки, уларнинг вафотидан кейинги соғинч вақт ўтиши билан нафақат унутилмайди, балки кун сайин кучайиб, борган сари чуқурлашиб боради. 

Ана шундай улуғ зотлардан бири – ўзбек халқининг атоқли фарзанди, машҳур уламо, атоқли жамоат арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин ва самимий инсон нафақат Ўзбекистон мусулмонлари идорасида, балки Она-Ватанимиз барча-барча каттаю-кичик, эркагу-аёлга, илмлигу-илми ҳали етарли бўлмаганларга бирдек камтарона, уламолар, имом-домлалар, мударрислару-устозлар ва талабаларга бирдек ғамхўр бўлган марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратларидир.

Бугун ҳазратнинг оламдан ўтганларига бир йил бўлди. Бир қатор устозлар ва имом домлалар ҳамда ҳазратимизнинг фарзандалари билан у зот туғилиб-ўсган Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги Орлот қишлоғида бўлдик. Бу улуғ зотнинг табаррук хонадонга қалбда ширин орзиқиш ва соғинч билан кириб бордик.

Дунёга улуғ бир алломани етказган, ўз халқининг ифтихорига айланган бу улуғ инсонга бешик бўлган ушбу файзли хонадондаги ҳар бир нарса улкан хотира китобининг бир саҳифаси каби, муносиб ота-онанинг тарбиясини олган муносиб фарзандларнинг етуклик йўлига гувоҳ бўлгани шубҳасиз.

Кўплаб улуғ инсонларга бағрини очган бу даргоҳда ўтириб, ўтганларни ёдга олдик. Суҳбатимиз ўз-ўзидан хонадон соҳиби, муфтий ҳазратларининг падари бузрукворлари Темирхон домланинг хотирасига бурилди. Умрини дин хизматига бағишлаган бу улуғ зотнинг саъй-ҳаракатлари, ихлоси, ғайрат-шижоати, кўзда ёш билан, азму қарор билан қилган дуолари туфайли Аллоҳ таоло бу хонадонни Байтул Ислом, Байтул Иймон, Байтул Ҳикматга айлантирди. Бир инсоннинг етук олим, аҳли илмлар пешвоси бўлиб етишиши учун аввало ота-отанинг тинимсиз меҳнати, тақвоси, ихлоси зарур бўлса, қолаверса, устозларнинг эътибори, машаққати ҳам талаб қилинади. Аллоҳ таоло устозимиз ҳазратга бу неъматларни тўла-тўкис ато этган эди.

Суҳбатдан сўнг, устозимиз мангу қўним топган қабристонни ҳам зиёрат қилдик. Қолаверса, Имом-хатибларимиз томонидан ўқиб ниҳоясига етказилган 1435 та хатми кабирнинг савобини муфтий ҳазратлари ва юртимизга буюк алломани тарбиялаб берган у зотнинг ота-оналарининг руҳларига бағишлаб, дуолар қилдик. Аллоҳ таолодан уларга ваъда қилинган ажру мукофотларни кўпайтириб беришини сўрадик.

Ҳазратнинг қабрларини зиёрат қилар эканмиз у кишининг “Яратганнинг муҳаббатига маърифат ва Ҳақ таоло рози бўладиган эзгу ишлар билан эришилади”, деган пурмаъно сўзларини ёдга олиб, ушбу ҳақиқат ўзларининг ҳаётида намоён бўлганини бир-биримизга таъкидладик.

Дин, маърифат, илм, хайрли ишларда устоз ўзларининг ибратли умрлари билан барчамизга намуна бўлган эдилар. Сизу биз ҳам бу зотдан ибрат олиб, илм эгаллаб, унга холис амал қилсак, иншааллоҳ, юртимизда аҳли илмлар, ходими шариатлар кўпайса, аждодларимиз эришган юксак мартабаларга халқимиз яна эришади, иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло барча ўтган улуғ устозларимизни, меҳрибон ота-оналаримизни раҳматига олиб, охиратларини обод айласин!

Зайниддин домла Эшонқулов

Самарқанд вилоят бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 15/08/2022 14:43;   Кўрилганлиги: 127
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/ustoz-usmonxon-temirxon-ogli-alimov-hazratlarini-xotirlab
Чоп этилган вақт: 28/09/2022 15:25
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг