Ургут туманидаги “Боғишамол” масжидида қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда
Яратганга шукрлар бўлсинки, юртимиздаги масжидлар кундан-кунга обод бўлмоқда. Кўплаб масжидлар замонавий шаклда таъмирланиб, чиройли ва қулай ҳолатга келтирилаётган бўлса, бир қанчаси тубдан янгидан қурилмоқда. Самарқанд вилояти Ургут туманида бугунги кунда 9 та масжидда қайта қуриш, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 2018 йилда тумандаги “Боғишамол” масжидида янги бино қурилиши бошланган эди. Бугунга келиб масжид биноси қад ростлаган, том қисми ёпилган бўлиб, гумбаз, эшик-ромлар ўрнатилган. Маҳаллий, қўли гул устолар томонидан пардозлаш, жиҳозларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Масжид имом-хатиби Самиев Абдукаримнинг таъкидлашича масжид 2021 йил мустақиллик байрами арафасида намозхонларга туҳфа қилиниши режалаштирилган. Унда 4500 нафар намозхон ўз ибодатларини адо этиш имконига эга бўлади. Албатта масжидларни обод этиш ҳамда уларни таъмирлаш улуғ савобли амаллардир. Масжидга ибодат қилиш учун келган халқимиз она-Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуо қилишади.
Вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов масжидда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, ҳолатни ўрганиш мақсадида ушбу масжидда бўлдилар. Ҳормай-толмай меҳнат қилаётган устолар, иш бошида турган масжид жамоаси ва масжид қурилишига моддий ва маънавий ҳисса қўшаётганлар ҳаққига дуои хайрлар қилдилар.
Шунингдек, вилоят бош имом-хатиби Ургут туманидаги чегара олди ҳудудида жойлашган “Тўрткўл” масжидида ҳам бўлиб, масжид фаолияти билан танишди. Ҳамда намозхонлар билан суҳбатлашиб, улар билан яқиндан суҳбатлашдилар.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Киритилган вақти: 17/02/2020 11:27; Кўрилганлиги: 1313
Чоп этилган вақт: 14/01/2025 10:26