Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Уломоларимизнинг ташрифлари давом этмоқда

 
 

Тарғибот гуруҳи Самарқанд вилоятига ташрифининг иккинчи куни хафтанинг муборак жума кунига тўғри келди. Гуруҳ аъзолари вилоятнинг Ургут, Тайлоқ, Булунғур ва Жомбой туманларида бўлдилар. Тарғиботчилар мазкур туманлардаги бир нечта қурилаётган ва яқинда фойдаланишга топширилган жомеъ масжидларда бўлишиб, моҳиятан эзгу амалларга бағишланган турли мавзуларда маърузалар қилдилар ва пешин намозини жамоат билан бирга адо этдилар

Тошкент шаҳри “Сирожи Солиҳ” масжиди имом-хатиби Ҳ.Қодиров, Тошкент шаҳар Яккасарой жомеъ масжиди имом-хатиби С.Тошановлар Булунғур тумани “Оломон” жомеъ масжиди имом-хатиби А.Муродов ҳамроҳлигида вилоятнинг Булунғур туманига йўл олишиб, дастлаб тумандаги “Амир Ҳамза” жомеъ масжиди қурилиши ишлари билан яқиндан танишдилар. Меҳмонлар қурилиши деярли якунига етаётган масжидда намозхонлар учун яратилиши назарда тутилган шароитлар билан қизиқишди. Масжид маъмурияти билан бўлиб ўтган қисқа мулоқот чоғида республикамизда кишилар эътиқод эркинлигининг тўла кафолатланаётгани масжид ва мадрасаларнинг батамом кўркам қиёфа касб этишига асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. Шунингдек, уламолар тумандаги “Амир Ҳамза” ва “Оқтепа” жомеъ масжидларида пешин намозини адо этдилар.

Булунғурда бўлиб турган тарғибот гуруҳи вакиллари тумандаги кам таъминланган оилалар хонадонларига киришиб, эҳсон ҳадяларини тарқатишди. Дуолар қабул бўладиган муборак жума кунги хайрли амал учун хонадон соҳиблари узундан узун дуо қилдилар.

Ташриф доирасида уламолар Булунғур деҳқон бозорида бўлдилар. Бозор маъмурияти ва тадбиркорлар билан бўлган мулоқотда меҳмонлар савдо учун яратилган шароитларни янада яхшилаш борасидаги таклифларини беришди.

Тарғибот гуруҳи вакиллари Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари А.Юнусов, Тошкент шаҳри Яшнобод тумани бош имом хатиби Ф.Аллаёров ва Тошкент шаҳар “Минор” масжиди имом-хатиби Ф.Убайдуллаевлар Самарқанд шаҳар Руҳобод масжиди имом-хатиби Т.Амиров ҳамроҳлигида Тайлоқ туманига боришди. Тарғиботчилар тумандаги “Жумабозор”, “Тойлоқ ота”, “Ястепа” ва “Маданият” жомеъ масжидларига ташриф буюришиб, масжидлар ходимлари билан қизғин мулоқотда бўлдилар.

Тарғибот гуруҳининг Тайлоқ туманидаги вакиллари тумандаги эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олдилар. Меҳмонларнинг ушбу илтифотидан камхарж хонадонлар соҳиблари мамнун бўлишди.

Меҳмонлар шунингдек, тумандаги “Чароғбон” маҳалласи қабристонига ҳам бориб, бу ердаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишдилар. Марҳумлар хотирасига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди.

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бош имом-хатиби Р.Сайфуддинов ва Самарқанд вилояти бош имом-хатиби З.Эшонқуловлар тарғибот гуруҳидаги фаолиятни амалга ошириш мақсадида Ургут туманида бўлдилар. Улар даставвал туманда жойлашган Республикамиздаги энг йирик масжидлардан бири – “Ургут марказий” жомеъ масжидига ташриф буюришиб, жамоат билан пешин намозини адо этишди. Мазкур масжид жорий йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, замон талаблари асосида жиҳозланган ва бир вақтнинг ўзида10 минг намозхонга хизмат кўрсатади.

Тарғибот гуруҳнинг асосий вазифаси жамоат орасида мамлакатимизда олиб борилаётган диний-маърифий ислоҳотлар самаралари, динимизнинг эзгулик ғояларини кенг тарғиб этишдан иборат. Гуруҳнинг Ургут туманида бўлиб турган бошқа бир вакиллари Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Комилов Исмоил Муҳаммад Содиқ Тошкент шаҳри “Шайх Муҳммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди имом-хатиби, Тошкент шаҳар “Бўта бува” жомеъ масжиди Зиёвуддин домла Мирсодиқов ҳамда Самарқанд вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Х.Саттаровлар тумандаги “Шайх Муҳиддин” ва “Чубин”жомеъ масжидларида “Қалб ислоҳоти – буюк тарбия” мавзусида маъруза қилдилар. Нотиқлар қадимдан заҳматкаш, ҳар бир мақсадига сабр-матонат ва машаққатли меҳнати билан эришиб келаётган халқимиз эътиқод бобида мусткаҳкам таянчга эга эканини таъкидлашди. Шундай экан, тарбияни қалбни ислоҳ этишдан бошлаш лозимлиги, ҳаловатга кўнгил, тана ва руҳни пок тутиш орқали эришилиши жамоатга таъсирчан тарзда етказилди.

Тарғибот гуруҳи таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Х.Ишматбеков, ЎМИ раиси ўринбосари И.Иномов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси С.Шарипов ва ЎМИ кадрлар бўлими бошлиғи Э.Эсановлар мазкур тумандаги “Богишамол”, “Домла Қурбон”, “Ғовсил Аъзам”ва “Мулла Бобомурод” жомеъ масжидларига ташриф буюришди. Меҳмонлар қурилиши давом этаётган “Богишамол” жомеъ масжидида олиб борилаётган ишлар юзасидан тегишли тавсияларини бердилар. Шундан сўнг уламолар жамоат билан бирга пешин намозини адо этдилар. Гуруҳ вакиллари тарғибот тадбирлари доирасида кам таъминланган оилаларда ҳам бўлишиб, хайрия совғаларини улашдилар. Жумладан, тумандаги иккита кам таъминланган ва боқувчисидан ажралган оилалар вакилларига она-бола сигир ва бир дона бузоқ ҳадя этилди.

Тарғибот гуруҳи аъзолари Тошкент шаҳри Чилонзор тумани бош имом-хатиби Э.Рустамов, Тошкент шаҳар “Исломота” масжиди имом хатиби Й.Каримов ва Самарқанд шаҳар “Лаҳутий” жоме масжиди имом-хатиби Ў.Умирқуловлар Жомбой туманига ташриф буюришди. Меҳмонлар тумандаги “Иброҳим ота” ва “Исломобод” жомеъ масжидларида бўлишиб, намозхонлар билан дилдан суҳбат қуришди.

Уламолар ташрифининг иккинчи куни нисбатан самарали ўтди. Чунки, муборак жума кунининг фазилатлари сирасида масжид сари ташланган ҳар бир қадам нафл рўза ва ибодат қилганга тенглаштирилади, дейилган. Ташрифларда одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини ошириш, муҳтожлар кўнглини олиш, масжидлар қурилиши ишларида зарурий тавсиялар бериш ва умумий жиҳатдан мамлакатимизда олиб борилаётган диний-маърифий ислоҳотлар кўламини кенг тарғиб этишга асосий эътибор қаратилди.

 Уламоларнинг Самарқанд вилоятига ташрифи давом этмоқда.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 23/07/2021 18:00;   Кўрилганлиги: 653
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/ulomolarimizning-tashriflari-davom-etmoqda
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 13:28
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг