Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Уч нафар франциялик Самарқанднинг фахрий фуқароси бўлди

 
 

Парижда бир қанча францияликларга Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси унвонлари топширилди.

Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонасида 8 октябрь куни Франциядаги «Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганиш ассоциацияси» президенти, тарихчи олима Фредрик Бопертюс-Брессан хоним, Марказий Осиё тарихи жонкуяри, археолог олим Франц Гренс, таниқли француз ёзувчиси Амин Маалуфга Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси унвонини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Ўзбекистоннинг Франциядаги фавқулодда ва мухтор элчиси С.Рустамбеков, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев ва бошқалар Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишда, жумладан, илм-фан, маданий-гуманитар соҳаларда ҳам изчил ривожланаётганини алоҳида таъкидлади. Бунда мамлакатимиз тарихи, хусусан, Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш борасидаги ишлар муҳим аҳамият касб этаётгани, мазкур алоқалар давлатимиз раҳбарининг Францияга расмий ташрифидан сўнг янада мустаҳкамланиши қайд этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев франциялик жамоат арбобларига фахрий унвонларни тантанали равишда топширди.

«Самарқанднинг фахрий фуқароси бўлиш мен учун шараф. Бу шаҳарга бежиз рўйи замин сайқали, деган таъриф берилмаган, — деди Фредрик Бопертюс-Брессан хоним. — Бундай юксак эътибор мени маданий ҳамкорлигимиз ривожи йўлида янада сидқидилдан хизмат қилишга ундайди».

Тадбирда мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқалар ривожида олимлар олиб бораётган тарихий меросни ўрганиш билан боғлиқ тадқиқотлар муҳим ўрин тутиши алоҳида қайд этилди.

Манба: “gazeta.uz”


Киритилган вақти: 08/10/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1618
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/uch-nafar-frantsiyalik-samarqandning-faxriy-fuqarosi-boldi
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 21:50
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг