Татаристонлик уламолар Самарқанд бўйлаб саёҳатда
Олдин хабар берганимиздек, Татаристон Республикаси уламоларидан иборат делегациянинг юртимиздаги ташрифи Самарқанд вилояти бўйлаб давом этмоқда.
Куни кеча Имом Бухорий ҳазратларининг қабрини зиёрат қилган меҳмонлар 25 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор жойларга ташриф буюрдилар. Жумладан:
Миллатимиз фахри Амир Темур мақбарасидан бошланган зиёрат, Регистон ансамбли ва қадим Сиёб бозори томон бурилди. Регистондаги миллий ҳунармандчилигимиз намуналари, хаттотлик асарлари, қўл меҳнати билан тўқилган гилам ва газмоллар меҳмонларда ўзгача таассурот уйғотди. Сиёб бозоридан турли ширинликлар, қуритилган мевалар харид қилдилар.
Аср намози Самарқанд шаҳридаги зиёратгоҳ-масжид “Хўжа Исҳоқи Валий” жоме масжидида адо этилди ва ибодатдан сўнг масжид ҳолати, имом хатиб фаолияти билан танишилди.
Вилоят вакиллигига қилинган ташриф меҳмонлар учун эсда қоларли бўлгани шубҳасиз. Бу ерда вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов вакиллик ҳаёти ҳақида маълумот бериб ўтди ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов қаламига мансуб “Сўраган эдингиз” китобидан эсдалик совғаси сифатида меҳмонларга улашди.
Саёҳат кечга яқин Имом Мотуридий ҳазратларининг мақбараси зиёрати билан ниҳоясига етди. Меҳмонларга Мотуридий ҳазратларининг ислом оламидаги тутган ўрни, мустақиллик йилларида бу зотга бўлган эътибор ҳақида батафсил маълумот берилди.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 25/11/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2278
Чоп этилган вақт: 09/11/2024 04:24