ТАШАККУРНОМА
Жорий йилнинг 3-4 март кунлари Самарқандда “Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро анжуман бўлиб ўтди.
У Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Фанлар академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан Мисрдаги Ал-Азҳар мажмуаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Ушбу халқаро анжуманда иштирок этиш учун юртимизга Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, ушбу давлат бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб бошчилигидаги делегация, шунингдек, Босния ва Герцеговина, Германия, Иордания, Индонезия, Малайзия, Покистон, Россия, Туркия, Украина, Швейцария, Қирғизистон ва Қозоғистон каби мамлакатлардан 70 га яқин уламо, исломшунос олим, нуфузли таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари ташриф буюрди. Шунингдек, Республикамизнинг кўзга кўринган уламолари, дин арбоблари, мутахассис ва имом-хатиблар Самарқанд шаҳрига 2 март куни етиб келдилар.
Мана шундай нуфузли тадбирни ўтказишда фаол хизматларини кўрсатган Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Самарқанд вилоят вакиллиги ходимлари ва ўз ҳиссаларини қўшган барча вакилларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят бош имом-хатибилиги номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Мезбон сифатида меҳмонларни кутиб олиш, уларга хизмат кўрсатиш каби ташкилий масалаларда ўзларининг меҳнат ва вақтларини аямаган, Самарқанд вилоят вакиллиги тизимидаги барча диний соҳа ходимларининг аҳиллиги ва ўзаро бирдамлигини намоён этган Самарқанд вилояти имом-хатибларига ҳам алоҳида ташаккурларимизни билдирамиз. Иншааллоҳ, меҳмондўстлик, самимийлик фазилатларини ўзида мужассам этган Самарқандлик дин хизматчилари халқимизнинг илм-маърифат, диний саводхонлигини ошириш, ўларни тўғри йўлга ҳидоят этишда ҳам ўзларини ҳар томонлама намоён этиб боришларига ишонч билдириб қоламиз. Муқаддас динимиз, мусулмонлар, илм-маърифат йўлида олиб бораётган хизматларингизнинг ажрини Аллоҳ таоло зиёда қилиб ато айласин. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
Зайниддин Эшонқулов - ЎМИ Самарқанд вилоят вакили
Киритилган вақти: 05/03/2020 15:49; Кўрилганлиги: 1859
Чоп этилган вақт: 16/05/2025 22:11