Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

ТАРИХИЙ УЧРАШУВ

 
 

Жонажон диёримизда яшаётган ҳар бир фуқаро борки, бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар, янгиланишларга қараб Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдевор асосида буюк мақсадлар сари шахдам қадамлар билан бораётганига гувоҳ бўлмоқда. Инсон қадри, халқ манфаати олийларга кўтарилган юртимизда ислоҳ этилмаган соҳа, эътибордан мосуво жиҳат, ўз ҳолига ташлаб қўйилган бирор бир йўналиш қолмай, барчаси умумий мақсад сари бирлаштирилмоқда.

2017 йил 15 июн куни юртимизда тарихий жараён, нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёдаги нодир ҳолат, Давлат раҳбарининг расмий дин вакиллари – имом-хатиблар билан бевосита учрашуви бўлиб ўтди. "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусида ўтказилган анжуманда Президентимиз айнан имом-хатибларга мурожаат этиб, давлатимизнинг уларга бўлган ишончи, имомлардан кутилаётган натижалар ва боғланаётган умидлар ҳақида сўз юритдилар.

Президентимизнинг шижоат билан сўзлашлари, жон куйдиришлари, барчанинг бир ёқадан бош чиқариб, қўлма-қўл ишлашга чорлашларини залдан туриб бевосита кузатар эканман, елкамдан золворли бир масъулият босиб, Президент ишончини оқлашга бўлган ички бир онт, шунинг билан бирга қусурга йўл қўйишдан ҳадик ҳислари ўраб келарди.

Негаки, Юртбоши ижтимоий-маънавий соҳани янада ривожлантириш, оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш ишларидаги масъул ва мутасаддилар рўйхатининг аввалги қаторида имом-хатиблар номини зикр этмоқда. Ватаннинг бугуни ва эртаси, фарзандлар, набиралар тақдири ва келажагини, бир сўз билан айтганда, ҳаёт-мамотимизни ҳал қилувчи жиҳатларни ислоҳ этишда дин вакилларини фаол бўлишга чорламоқда.

Хўш, энди мен олиб бораётган ишларимда қандай ўзгариш қиламан, унинг самарасини оширишда, халққа манфаатли бўлишида нималарга кўпроқ эътибор қаратишим керак, кечаги кунимдан фарқ қилишим учун қандай ишларни амалга ошираман?, деган саволлар исканжасида тарихий жараённи кузатар эканман, олдинда қилиниши керак бўлган ишлар ҳали жуда кўп эканлиги борасида мулоҳаза юритаман.

Демак, бугуннинг имоми биринчи навбатда ўзининг мавқеини теран англаши, олдида турган вазифасининг моҳиятини тушуниб етиши керак. Фақатгина кунлик намоз ва жума намози адо этиб, қолган вақт маърака-маросимлар билан чекланиш имомларга хос бўлмаган ҳолат.

Биринчи галда халқимизга азалдан хос бўлган бағрикенглик анъаналарини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшашларининг бардавомлигини таъминлашга ҳисса қўшиш, халқимиз табиати, менталитети асосини ташкил этувчи олижаноблик, эзгулик ва том маънодаги бағрикенглик фазилатини ёш авлод онгида ҳам шакллантириб бориш устувор вазифамиз бўлиши керак.

Истиқлолнинг нурли қуёши остида туғилиб, вояга етган фарзандларимизга мустақилликнинг қадрига етишлари, унинг моҳиятини теран англашлари учун мустабид тузуми давридаги ҳолатлар ва ҳурриятга эришилгандан сўнг амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар ҳақида аниқ рақамларга таяниб, тушунча бериб боришимиз лозим бўлади.

Динимиз тарихи, буюк алломалар ва азиз-авлиёларимиз меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича бошланган ишларни давом эттиришда жонбозлик кўрсатиш ҳам муҳим вазифаларимиздандир.

Халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик, диний қарама-қаршилик, ноқонуний миграция, одам савдоси, экологик муаммоларга қарши курашишга доир ҳар битта имом ўзига хос қараш, аниқ режа ва йўналишни белгилаб олиши лозим.

Шу ўринда Юртбошимизнинг нутқларидан иқтибос келтираман:

"Биз кўп жойларда жаҳолатга қарши маърифат ташаббуси билан чиқяпмиз. Муқаддас ислом динини ниқоб қилиб бошқа кўчаларга кириб кетаёган жоҳил кимсалар бир нарсани тушунмайди ёки тушунишни истамайди. Яъни, ислом фақат нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка ундайди. Ҳеч қачон хунрезлик, қотиллик, зўравонликка чақирмайди. Ана шу ҳақиқатни тан олмасдан, сохта ғояларга алданиб, зарарли оқимларга кириш, террорчи бўлиш – бу Ўзбекистон халқига мутлақо тўғри келмайди".

Демак, халқимизга ётган бўлган ғоялар, тушунчаларга қарши курашиш бизнинг мақсад ва вазифаларимизнинг биринчи галдагисидир. Бунинг учун ҳудудимизда маҳаллалар, таълим муассалари, ички ишлар тизими билан ҳамкорликда мақсадли режалар тузишимиз, аҳоли, айниқса уюшмаган ёшлар билан жиддий шуғулланишимиз, хорижга кетаётганлар ва у ердан қайтганлар билан мунтазам суҳбат ўтказиб, эътиқодининг соғломлигини назорат қилиб боришиз устувор вазифамиздир.

Профилактик назоратга олинганлар ва ҳозирда жазо муддатини ўтаётганларнинг оила аъзолари билан олиб бораётган ишларимизга ҳам ўзгача муносабат билан ёндашиш вақти етиб келди. Уларнинг бўладиганини бўладиганга, бўлмайдиганини бўлмайдиганга чиқаришда ҳам имомлардан амалий ҳаракат талаб этилмоқда. Ўз тушунчасида буткул мутаассибларини четга қўйиб, қолганларини тўғри йўлга ўтказиш, жамият орасига олиб кириш, бўйинларидан тавқи лаънат босиб тургандек, елкаларини қисиб юришларидан қутқаришда имомлардан ёрдам сўралмоқда.

Бунинг учун ҳар бир имом маҳалла фаоллари, участка нозирлари билан биргаликда ана шундай кишилар билан дилдан суҳбат ўтказиши, бугунги сиёсатимиз моҳиятини тушунтириб бериши, мавжуд муаммоларини бартараф этишга кўмаклашиши, охир-оқибат эътиқодининг буткул тўғирланишига эришиши лозим. Бу борада имомлардан талаб этилаётган ягона натижа шу бўлиб, уларга иккинчи вариант таклиф этилмайди.

Зеро, Президентимизнинг нутқлари давомида:

"....Шунинг учун ҳам сизларнинг катта билимингиз, обрў-эътиборингизни инобатга олиб, мен сизларга, барча дин аҳлларига, жамоатчилигимизга мурожаат қилмоқчиман: юртимизда тинчликни, осойишталикни сақлашда бизга ёрдам беринг", деб айтган сўзларини ҳеч қачон унитмаслик керак.

Шў ўринда алоҳида таъкидлаш лозим бўлган жиҳат борки, давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида динимиз равнақи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк азиз-авлиёлар, аллома зотлар хотирасига барпо этилган ёдгорлик мажмуалари, илмий марказлар қошида ислом динининг алоҳида йўналишлари бўйича илм олишга, мутахассис бўлишга тайёрлаб борадиган илмий мактаблар ташкил этиш таклифини бердилар. Илмий мактабларнинг аҳамияти ҳақида гапириб:

"Масалан, Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этсак, ўйлайманки, бу жуда фойдали бўлади.

Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади", дея таъкидладилар.

Бу хабар юртимиз мусулмонлари учун катта хурсандчилик бўлди. Чунки ислом илмларига чанқоқ халқимиз фарзандларининг дин илмларини пухта эгаллашларини, халқимизга сифатли хизмат қилишларини ҳамиша истаб келганлар. Илмий мактабларнинг ташкил этилиши мавжуд имкониятларни янада кенгайтиради, юртимизга кўплаб етук кадрларни етказиб беришни таъминлайди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни хоҳлардимки, юртимизда биз имом-хатиблар учун самарали меҳнат олиб боришимиз, илмимиз, салоҳиятимизни оширишимиз учун барча имкониятлар ҳозирланган ва улар янада ривожлантириб борилмоқда. Зиммамизда эътиборни эътироф этиш, имкониятлардан унумли фойдаланиш ва боғланган умидларни пучга чиқармаслик масъулияти турибди.

Юртбошимиз буюк шоиримиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг, “Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур, Ҳар кимки жафо қилса, жазо топқусидур”, мисрасини келтириб, барчани садоқатли бўлишга чақирдилар. Шижоатли бўлишга, икки кеманинг бошини тутмасликка, “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деган мақолнинг ҳақиқий маъносини англашга, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга, ўқув муассасаларида таълим тизимини яхшилашга кўмаклашишга, ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга ва яна кўплаб масъулиятларга чорламоқдалар.

Демак, бугун ана шундай аҳамиятли ишларни амалга ошириш вақти, юрт тинчлигини асраш, халқ эътиқодини соф ҳола тутиш, фаровонлигини таъминлаш вақти, тинимсиз меҳнат, самара берувчи машаққат вақти, лоқайдлик, бепарволик вақти эмас, бу менинг вазифамдан ташқари дейиладиган, фақат ўз қобиғига ўраладиган вақт эмас.

Шундай экан, қўлни қўлга берайлик ва олий мақсад сари биргаликда ҳаракат қилайлик.

Зайниддин Эшонқулов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилояти вакили


Киритилган вақти: 17/06/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2049
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/tarixiy-uchrashuv
Чоп этилган вақт: 17/04/2024 03:56
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг