Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

ТАМАЛ ТОШИ ҚЎЙИЛДИ

 
 

 Аллоҳга беадад шукрки, юртимиздаги икки мингдан зиёд масжидларимиз кундан-кунга обод бўлмоқда. Кўп масжидлар замонавий шаклда таъмирланиб, чиройли ва қулай ҳолатга келтирилмоқда. Халқимиз бундай жоме масжидларда ибодатларини хотиржам адо этаётганларидан мамнунлар.

Бу каби хайрли ишлар диний қадриятларимизга бўлган улкан эътиборнинг натижасидир. Масжидларни обод этиш ҳамда уларни таъмирлаш улуғ савобли амаллардандир.

Айни дамда Самарқанд вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов Қўшробот туманидаги “Домла Камолиддин Оҳун”,   жоме масжиди пойдеворига биринчи тамал тошини қўйиб берди.

 Вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов  масжид кўркам, барча талаб ва эҳтиёжларга мос бўлишига доир фикр-мулоҳазаларини билдириб, айниқса, намозхонлар учун масжид кутубхонасини ташкил этиш ва ташриф буюрадиган нуфузли дунё уламолари, мартабали меҳмонлар билан ўзаро мулоқот ўтказиш учун муносиб шарт-шароитлар ҳозирлашни таъкидлади.

Шу куннинг ўзида Жума кунида қилинган дуоларнинг ижобати ўлароқ, Самарқанд вилояти, Пахтачи тумани, Мирзо Улуғбек маҳалласи аҳолиси хайрли иш устида жам бўлдилар. Эрта тонгда ушбу маҳаллага Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Ёқубжон домла Мансуров  ташрифи барчани қувонтирди. Ташрифнинг давомида маҳалладаги “Хўжа Зиёвуддин” жоме масжиди биносини пардоз ишларрини кўздан кечирди.  Олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш  ҳақида ўз кўрсатмаларини бериб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, қурилиш ишларига энг моҳир уста ва муҳандислар жалб этилган. Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишмоқда. Зеро, масжидни обод этишнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган.  Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.

Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, масжидга ибодат қилиш учун келган халқимиз она-Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуо қилишади. Бу дуоларнинг шарофати ила Яратган юртимизни янада фаровон қилади, неъматларини янада зиёда қилиб беради.
Азим вилоятимизда қад ростлаётган ушбу жоме масжид, халқимиз учун жуда катта туҳфа бўлади, иншоаллоҳ.

ЎМИ самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 12/06/2020 19:37;   Кўрилганлиги: 1129
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/tamal-toshi-qoyildi
Чоп этилган вақт: 07/12/2024 21:56
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг