Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Сийратни нима учун ўрганамиз?

 
 

Биз ўзимизни мусулмон деб билганимиз учун, Аллоҳ таолони ягона илоҳ эканлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг расули эканлигига иймон келтирамиз.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз токи мен унга фарзандидан, отасидан ва барча инсонлардан севимлироқ бўлмагунимча ҳаргиз мўмин бўла олмайди», дедилар» Муслим ривояти.

Ушбу ҳадисдан маълум бўлаяптики, мўмин бўлишликнинг шарти – Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизлар учун ҳаммадан кўра севимлироқ бўлишлари керак экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бунчалик даражада севишимиз учун нима қилмоқ керак, қандай қилиб бу нарсага эришамиз ?

Бу саволни жавоби аниқ – сийратни ўрганишимиз керак! Сийрат бизларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни танитади.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай дейди “Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор” (Аҳзоб сураси, 21.)

Дарҳақиқат, ҳақиқий мўмин-мусулмон учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бутун ҳаётлари олий наъмуна ва ўрнакдир.

Биз ҳақиқий мусулмонча яшашни ҳоҳласак ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларидан ўрнак олишга муҳтожмиз.

       Шу ўринда айтишимиз жоизки, бугун 4 ноябр куни ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги биносида Раббиул-аввал ойига бағишланган “Мавлиди шариф” тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоятимиздаги барча туман ва шаҳар бош имом-хатиблари, вакиллигимиз ходимлари ҳамда тақсимот қилинган битирувчи имомлар қатнашдилар.

Мавлид тадбири Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Имом-хатибларимиз томонидан Пайғамбаримиз алайҳис-салом туғилишлари, ҳаётлари, гўзал ҳулқлари ва сийратлари, у зотнинг саодат ва нажотга тўла таълимотлари ҳақида маъруза қилди. Имом-хатибларимиз томонидан қилинган маърузаларда Расулуллоҳни таниган, у зот ҳадисларига амал қилган одам ёмонлик, бузғунчилик йўлларига асло кирмаслиги, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат руҳида улғайиши, шунингдек, Ватанига содиқ ва комил инсон бўлиши таъкидланди.

Мавлудга ташриф буюрган меҳмонларимиз ушбу каби тадбирлар ташкил этилаётгани энг аввало юртимизда тинчлик ҳукм сураётгани, халқимиз эса маърифатпарвар экани, китоб ўқишга катта қизиқиш билан ёндашаётганидан дарак беради деб фикр билдирдилар.

Барча меҳмонларимиз кўтаринки кайфиятда Юртбошимиз бошчилигида олиб борилаётган хайрли ишларга Яратгандан муваффақиятлар ва улкан зафарлар тилаб дуолар қилдилар.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмти


Киритилган вақти: 04/11/2020 13:04;   Кўрилганлиги: 1217
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/siyratni-nima-uchun-organamiz
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 10:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг