Сахий кишининг таоми шифодир
Рўза буюк ибодат ва мўмин учун мислсиз имкониятдир. У кишида сабр, саховат, ирода, тўғрисўзлик, тартиб, нафсни жиловлаш, шафқат, ўзгалар дарди билан яшаш каби яхши хулқларни тарбиялайди. Бу улуғ ибодатнинг исломнинг беш рукнидан бири қилиниши ҳам бежиз эмас. Зеро, рўза ўз соҳибида мисли кўрилмаган хислат ва фазилатларни шакллантиради. Жумладан, муҳтожларга кўмак беришни ҳам.
Бой-бадавлат бўлиш ҳам, фақирлик ҳам инсонга берилган неъмат, бир синов. Бойлик келганда инсонийликдан чекинмай, мол-дунёга қаттиқ муҳаббат қўймай уни жойига сарфлаш, камбағалликда эса буни ўзига берилган бир неъмат сифатида қабул қилиб, сабр ва шукр қилиш чин инсонийлик мезонларидир.
Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, вояга етмаган фарзандлари бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш, соғликни тиклашда кўмаклашиш ва якка-ёлғиз қариялар, ногиронларга ёрдам кўрсатиш азалий қадриятларимиз, динимиз кўрсатмаларидандир.
“Нарпай тумани имом хатиблари Муборак Рамазон ойи давомида тумандаги 230 дан зиёд кам таъминланган хонадонларда бўлиб, уларнинг аҳволларидан хабардор бўлдилар. Озиқ-овқақт, рўзғор анжомлари, пул маблағларидан иборат жами 15 320 000 сўм миқдорда хайр қилинди. Албатта бу ишлар ҳомийлар ва “Вақф” хайрия жамоат фондининг вилоят филиали кўмагида амалга оширилди. Саховатпеша халқимиз ўзининг ҳимматини аямайди. Хабарларда бундай дейилган: “Сахий кишининг таоми шифодир, бахил одамнинг таоми касалликдир”; “Сахий кишининг хатоларини кечиринглар, чунки у ҳар бир қоқинганида Парвардигор уни қўлидан тутиб туради”; “Сахийлик бамисоли жаннат дарахтларидан биридир. Унинг шохлари дунёга осилиб тушиб туради. Ким унинг шохларидан бирини тутиб олса, у жаннатга бошлаб боради. Бахиллик эса дўзах дарахтидир. Унинг шохлари дунёга чиқиб туради. Ким шу шохлардан бирини ушласа, уни дўзахга бошлаб боради”; “Хуфёна қилинган садақа Аллоҳнинг ғазабини сўндиради”, - дейди туман бош имом хатиби Дилмурод Бектамишов.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 28/05/2019 00:00; Кўрилганлиги: 1199
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 13:36