Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Самарқандда Хатми Қуръонни якунлаган қорилар билан тадбир ўтказилди

 
 

Рамазон файзу футуҳга бой ойдир. Унинг фазилатларидан бири - бу унинг Қуръон ойи эканлиги. Унда шу умматнинг икки дунёсини гўзал қилишга хизмат қилувчи таълим бор. Қуръон мисоли нурдир. Қуръонни ўқиш, тинглаш, яхши кўриш буларнинг ҳаммаси ибодат ҳисобланиб ортидан битмас-туганмас савоблар келтиради.

Айюб ибн Мусодан ривоят қилинди: «Муҳаммад ибн Каъб Қуразийдан эшитдим, у шундай деди: «Мен Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир ҳасана бор. Ҳасана эса ўн баравардир. Мен «алиф, лам, мим» битта ҳарф демайман. Балки, «алиф» бир ҳарф, «лам» бир ҳарф, «мим» бир ҳарф!» дедилар», деяётганини эшитганман»Термизий ривоят қилган.

 Бугун, 8 май Самарқанд вилоятидаги 54 та масжидда Қуръон хатми якунланади. Шу муносабат билан бошқа вилоятлардан келган қорилар вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқуловнинг ташаббуси билан Самарқанд шаҳридаги “Хўжа Исҳоқи Валий” жоме масжидига таклиф қилинди. Шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, масжид имомлари, устозлар иштирок этган тадбирда Зайниддан домла сўз олиб, бошқа вилоятлардан келиб, Самарқанд аҳлига Қуръони каримни хатм қилиб бераётган қориларга барча вилоят мўмин-мусулмонлари номидан миннатдорлик изҳор қилди. Шундан сўнг сахий инсонларнинг молу давлатларидан ажратган закотлари, ҳомийларнинг ҳадяларидан иборат совғалар қориларга улашилди. Албатта, қорилар закот ва эҳсонларга энг сазовар кишилар эканлигига шубҳа йўқ. Зеро, улар ўзга воҳадан келган мусофирлардир, Аллоҳ йўлида юрган кишилардир ва моллари нисобга етмаган ҳақдорлардир.

Тадбир давомида Қуръони карим қориларига кўрсатилган бу хайриялар арзимас эканлиги, аслида чин мукофотни Аллоҳ таолонинг Ўзи ўз узурида ҳозирлагани айтилиб, Аллоҳнинг розилиги учун закотларини ажратган, хайру эҳсон қилган, масжидларда Хатми Қуръон ўқиб бераётган қорилар, имом домлалар ҳақларига дуои хайрлар қилинди. Аллоҳ таоло барчаларимизга бу муборак ойни, раҳмат ва мағфират ойини, дўзахдан нажот бериладиган, дуолар ижобат қилинадиган Рамазон ойини хайрли ва баракотли қилсин! Омин!     

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 08/05/2021 16:31;   Кўрилганлиги: 644
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/samarqandda-xatmi-quronni-yakunlagan-qorilar-bilan-tadbir-otkazildi
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 13:53
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг