САМАРҚАНДДА КАЛОМ ВА ҲАДИС МАКТАБЛАРИ ОЧИЛДИ
2017 йилнинг 8 ноябрь куни Самарқандда Калом ва Ҳадис мактабларининг очилиш маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва Самарқанд вилояти бош имом хатиби Зайниддин Эшонқуловлар иштирок этишди.
Ушбу тадбирда муфтий ҳазратлари нутқ сўзлаб шундай дедилар:
“Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ташаббуслари билан жорий йилнинг муборак Рамазон ойида диний соҳа ходимлари ва уламолар билан учрашувда юртбошимиз юртимизда калом, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф мактабларини ташкил этиш ва бу мактабларда имом хатибларнинг махсус фанлар бўйича билимларини ошириш масаласи қўйилган эди. Мана бугун Аллоҳнинг инояти билан биринчи бўлиб, Самарқанд вилоятида Калом ва Ҳадис мактаблари очилди.
Бугун сиз азиз имом хатибларимизга жуда яхши маълумки, бутун дунёда калом, фиқҳ, ҳадис ва тасаввуф фанлари бўйича ҳам олимлар етишиб чиқмоқда. Биз ўйлаймизки мана шу икки мактабдан ҳам келажакда исломий илмлар бўйича фан докторлари етишиб чиқиб, буюк аждодларимизнинг калом ва ҳадис фанида ёзилган бебаҳо илмий меросларини ўрганиб бутун халқимиз, хусусан ёшларимизга етказади. Биз бу мактабларга бекорга имом хатибларни талабаликка қабул қилмадик. Чунки, бугуннинг имоми кучли билим ва тафаккурга эга бўлиши лозим. Буни давр тақозо қиляпти.
Бугун биз ушбу янги мактабга катта совға, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида тайёрлаб нашр қилинган, буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” асарини соф араб тилида ҳеч қандай таржималарсиз олиб келдик. Ушбу китобда 1322 та ҳадис тўпланган бўлиб биз ҳадис мактаби талабаларидан мана шу китобни ёд олишларини сўраб қоламиз. Шу ўринда Калом мактабига Ш. Умаров ва Ҳадис мактабига О. Юсуповни масъул қилиб тайинлаймиз.
Шундан сўнг, Ортиқбек Юсупов сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз бугунги кун имом хатибларини янада кучли билим ва салоҳиятли инсонлар бўлишини бу борада диний таълим тизимида барча керакли ишларни амалга оширишга давлатимиз тайёр эканлигини айтиб ўтди.
Муҳтарам юртбошимиз БМТ бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам бугун дунёда ислом номи остида турл ёвуз кучлар ўз мақсадларига эришмоқчи бўлишяпти. Биз бундай гуруҳ ва оқимларнинг фикрига қўшилмаймиз, муқаддас ислом динимизни доимо ҳимоя қиламиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз дедилар.
Мана бутун Араб дунёсида ҳам қандай парокандаликлар бўлиб ўтмоқда. Буларга қарши бугунги кунда илм билан курашиш менимча самаралироқ бўлар эди. Чунки олимлар, фозиллар кўп бўлган жойда ёшлар адашмайди, турли тотўғри йўлларга кириб кетишмайди.
Биз ушбу мактаблар фаолиятини мунтазам ўрганиб, керак бўлса янада ривожлантириб борамиз. Ушбу соҳаларда кўзга кўринган Тошкент ислом университети ва институтларидаги олимларни керак бўлса, бир ойда бир марта чақириб турли суҳбатлар уюштирамиз.
Тадбир сўнгида муфтий ҳазратлари икки мактабнинг устоз ва талабалари ҳаққига, ҳамда юртимизда олиб борилаётган диний соҳадаги барча ишларга ривож сўраб дуойи хайрлар қилди.
Манба: www.bukhari.uz
Киритилган вақти: 08/11/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2474
Чоп этилган вақт: 13/10/2024 05:41