Самарқандда Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўз ишини бошлади
22 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўз ишини бошлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг телеграмм саҳифасида хабар берилган.
Ўзбекистон Президенти ташаббусига кўра, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан ташкил этилаётган мазкур халқаро тадбир глобал воқеликдир.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилингандан буён ўтган давр ичида бундай нуфузга эга халқаро анжуман илк бор Осиё қитъасида - Ўзбекистонинг қадимий ва навқирон шаҳри Самарқандда ўтказилиши ўзига хос тарихий аҳамият касб этади.
Халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланган мазкур форумда БМТнинг инсон ҳуқуқларига доир муҳим ҳужжатлари имзоланиши кутилмоқда. Бу эса минтақада фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш масъулиятини янада оширади.
Шунингдек, анжуманда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қитъадаги мавжуд механизмларни янада такомиллаштириш, янгиларини таъсис этиш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама этилади.
Форум якунида инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларациясини қабул қилиш режалаштирилмоқда.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Zarnews.uz сайти маълумотларидан фойдаланилди
Киритилган вақти: 22/11/2018 00:00; Кўрилганлиги: 1493
Чоп этилган вақт: 13/10/2024 05:42