Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги «Ургут марказий» жомеъ масжидига ташриф.

 
 

Аллоҳнинг уйи бўлмиш масжид Ислом динининг эзгулик, тинчлик, меҳр-мурувват, раҳмдиллик, муҳтожларга ёрдам бериш каби қадриятларини тарғиб қилувчи муҳим маънавий-диний маскандир. Шундай масжидлардан бири бугун фойдаланишга топширилди.
«Ургут марказий» жомеъ масжиди жамоасининг маълум қилишича, 5 йилдан зиёд вақт давомида, халқ ҳашари йўли билан бу жойда замон талабларига жавоб берадиган, намозхонлар учун қулай шароитларга эга, 10000 кишилик сиғимли жоме масжид бунёд этилди.
Мазкур масжид, том маънода маърифат масканидек қад ростлаган. Хонақоҳ шарқ услубидаги замонавий кўринишда бунёд этилган бўлиб, сержило, иссиқ воҳа тафтини намоён этади. Масжид гумбазининг ички томонида Қуръони каримнинг ибодатга даъват этувчи оятлари битилган.

Меҳроб эса оловранг сиёҳлар билан куфий ва сулс ҳатларида Аллоҳ таолога ҳамд ва Пайғамбар алайҳиссаломга саловат, шунингдек, ояти карималар билан безатилган.
Хонақоҳ ёнида замонавий шаклда таҳоратхона бунёд этилган.
Масжид ҳовлисига туташ қилиб, боғ ва гулзор барпо этилган.
Хуллас, мазкур масжид мамлакатмизнинг энг олис туманларидан бири саналмиш Ургут аҳли учун чексиз қувонч ва бахтга сабаб бўлувчи маскан бўлди.
Масжид ҳовлисида дам олиш жойлари ҳам яратилган.
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Юнусобод тумани бош имом хатиби Устозимиз Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳу ташриф буюрдилар.
Ушбу масжидга устозимиз ташриф буюрганларини эшитган вилоят аҳлининг узоқ қишлоқларда яшайдиган намозхонлари ҳам келишди.

Имонли, эътиқодли одамлар уйларидан иккита олийжаноб ният билан йўлга чиққан:
1) Ушбу янги масжидда камоли ихлос ила намоз ўқиш;
2) Устозимиз Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳуни зиёрат қилиб, амри маъруфларини тинглаш.

Самарқанд вилояти бош имоми Эшонқулов Зайниддин домла масжид қавмини масжиднинг янги биноси очилиши билан муборакбод этганларидан сўнг, устозимиз Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ўзларининг таъсирли мавъизаларини қилдилар сўнг ушбу масжидни қурилишидан битгунга қадар ўз ҳиссасини қўшганлар ҳаққига дуои хайрлар қилдилар.


ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 19/03/2021 17:01;   Кўрилганлиги: 783
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/samarqand-viloyatining-urgut-tumanidagi-urgut-markaziy-jome-masjidiga-tashrif
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 13:30
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг