САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ ВАКИЛЛАРИ ФРАНЦИЯДАГИ ХАЛҚАРО КЎРГАЗМАДА
Шу йилнинг 21-28 сентябрь кунлари Францияда Халқаро «Le Villiage de la Gastronomie» гастрономик фестивали ҳамда «ITFM Top Resa» туристик кўргазмаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев бошчилигида ушбу мамлакатга ташриф буюрган юртимиз делегацияси орасида Самарқанд вилояти вакиллари ҳам бўлди ва халқаро тадбирларда фаол иштирок этди.
Хусусан, вилоят ҳокимлиги, «Ҳунарманд» уюшмаси вилоят худудий бошқармаси, Самарқанд қоғози ишлаб чиқарувчи «Конигил мерос» оилавий корхонаси, «Самарқанд-Бухоро ипак гилами» қўшма корхонаси вакилларидан иборат Самарқанд делегацияси дастлаб Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган қабул маросимида қатнашди.
Шундан сўнг «Le Villiage de la Gastronomie» гастрономик фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Фестивалда 55 давлат вакиллари ўзларидаги миллий ҳунармандчилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан иштирок этди.
Самарқандлик ҳунарманд ва моҳир ошпазлар Франция, Хитой, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Индонезия, Испания, Мексика, Португалия, Тунис, Сурия, Россия, Арманистон ва бошқа давлатлар вакиллари билан ўзаро фикр алмашди. Уларга Самарқанд туризм салоҳияти, осори-атиқаларимиз, тарихий қадамжоларимиз, шунингдек, барпо этилаётган «Самарқанд сити» – туристик шаҳарчаси, шунингдек, миллий озиқ-овқат маҳсулотларимиз, Самарқанд нони ва бошқа таомлари ҳақида батафсил маълумот берди. Самарқандга туристик маршрутни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни ўрнатиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди. Миллий таомимиз – Самарқанд палови тайёрланиб, фестиваль иштирокчиларига тарқатилди.
«ITFM Top Resa» 40-Халқаро туристик кўргазмасининг очилиш маросимида эса дунёнинг 210 та давлати ва 6111 та компаниялар вакиллари қатнашди. Делегация аъзолари кўргазмада иштирок этаётган хорижнинг туристик компаниялари вакиллари билан мулоқот ўтказиб, юртимизнинг бой тарихи, диққатга сазовор жойлари ва туристик салоҳияти ҳақида маълумот бердилар. Диёримизга туристлар оқимини ошириш борасида музокаралар ўтказилди.
Фестиваль давомида Ўзбекистон делегациясининг иштироки юқори баҳоланди.
Сафарнинг сўнгги кунида Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Лион шаҳри мэрияси ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Манба: "zarnews.uz"
Киритилган вақти: 03/10/2018 00:00; Кўрилганлиги: 1560
Чоп этилган вақт: 13/10/2024 05:37