Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Самарқанд шаҳар “Хўжа абду Дарун” масжиди биносига илк ғишт қўйилди

 
 

Масжид барпо этиш ёки ёки унинг қурилишига ҳисса қўшиш улкан савоблиги динимиз аҳкомларида алоҳида таъкидланган. Аллоҳ таоло масжидларни Ўзига энг маҳбуб маконлар қилган. Масжидларни обод қилувчиларнинг иймони борлигига гувоҳлик бериб шундай деди: “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар” (Тавба сураси, 18-оят).

Аллоҳга суюкли маконларни обод қилишни, жаннатда ўзлари учун қаср бино этилишини ният қилган саховтпеша инсонлар кўмаги билан Самарқанд шаҳар “Хўжа абду Дарун” жоме масжидида янги масжид биносининг қурилиши бошлангани ва унинг асос қисмида ишлар олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Масжид қурилишида энди навбат ғишт теришга етиб келди. Масжид биносининг биринчи ғиштини яхши тилак, хайрли дуолар ва Аллоҳнинг исми ила устоз Маҳмуджон домла Ибодуллаев қўйиб бердилар. Маросимда масжид имом-хатиби З.Маҳмудов, масжид ходимлари, мўйсафид отахонлар иштирок этдилар. Шунингдек, ушбу хайрли ишга йиғилган қалби пок инсонлар ҳам бирин-кетин пойдеворга ғишт қуйдилар. Шундан сўнг қўллар дуога очилиб, Аллоҳ таолодан ушбу масжидни қурилиши тез кунларда якунига етишини, узоқ йиллар мўмин-мусулмонларга хизмат қилиши, бу савобли ишга ҳисса қўшганларга кўплаб ажру савоблар ато этилишини сўраб ҳамда хизмат қилаётган устолар, мутахассислар ва ушбу ишга бош-қош бўлиб турганларнинг ҳақларига дуолар қилинди.  

“Олти ярим минг кишига мўлжалланган масжидимизда бугун қизғин иш жараёни кетмоқда. Халқимизнинг ёрдами билан қурилишни бошладик. Ҳозиргача жараён давом этмоқда. Ҳар ким имконияти борича ушбу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ҳали кўп ишлар қилиниши керак”, дейди имом-хатиб. 

Дарҳақиқат, ғишт териш ишлари энди бошланди. Шу кунга қадар 100 ўринли таҳоратхона қурилиб, сўнги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Ишлар ўз якунига етиши учун кўп маблағ талаб этилади.  Саховатпеша, савобталаб халқимиздан хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшишларини сўраб қоламиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида “Ким Аллоҳ йўлида масжид учун битта ғишт қўйса, Аллоҳ у учун жаннатда битта қаср барпо қилади”, деганлар.

Азиз юртдошлар! Бугун қилган ҳар бир савоб амалимиз охиратимизга заминдир. Савобли амалга шошилинг!

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ахборот хизмати

 


Киритилган вақти: 19/03/2020 14:20;   Кўрилганлиги: 1104
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/samarqand-shahar-xoja-abdu-darun-masjidi-binosiga-ilk-gisht-qoyildi
Чоп этилган вақт: 23/04/2024 15:58
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг