Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Рамазон ҳайити муносабати афв этилганларнинг 12 нафари Самарқанддан.

 
 

Муқаддас ислом динимиз инсонларни кечиримли бўлишга тарғиб қилади. Чунки кечиримли бўлишда инсонлар учун кўп манфаатлар бор. Аввало, Кечирган инсон ўзини енгил тортиб, Аллоҳдан бўладиган ажрга лойиқ бўлса, кечирилган инсон эса кечиргучига нисбатан бўлган адовати кетиб, қалбида унга нисбатан илиқлик ва меҳр пайдо бўлади.

Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай баён қилади: 

“Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур”.(Фуссилат сураси 34-оят)

 Яна Аллоҳ таоло яна  шундай баён қилади:

Ким авф этиб ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳ зиммасидадир”. (Шўро сураси 40-оят).

Қуръони каримнинг яна бир ояти каримасида Аллоҳ таоло бандаларига қуйидагича хитоб қилади:

“Ва агар авф этсангиз, кўнгилга олмасангиз ва айбларини кечирсангиз, бас, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳимдил зотдир”. (Тағобун сураси 14-оят).   

Шу ўринда айтиш жоизки, Президентимиз Рамазон байрами арафасида жазо ўтаётган, қилмишига пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган 258 нафар фуқарони афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Афв этилган шахсларнинг 16 нафари асосий жазодан озод этилади, 101 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 24 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Шунингдек, 117 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 7 нафари 60 ёшдан ошган эркаклар, 1 нафари аёл, 7 нафари чет давлат фуқаролари, 164 нафари тақиқланган ташкилотлар иштирокчиларидир.

Халқимизга хос меҳр-оқибат, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида эълон қилинган фармонда Самарқанд вилоятимизда ҳам жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 12 нафар фуқаро афв этилди.

Айни пайтда фармон ижроси таъминланиб, афв этилган шахслар оиласи ва яқинлари бағрига қайтди. Эндиликда уларни ижтимоий муҳитга мослаштириш, жумладан, бандлигини таъминлаш мақсадида ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади.

Ўз навбатида, авф этилган кимсалар ҳам кечиримни суистемол қилмаслиги ва шунга муносиб жавоб бериши шариатимиз талабидир. Зеро, авф ва кечиримлилик жиноят қилган инсонни ислоҳ этиш, уни тўғри йўлга бошлаш ва унинг қадр қимматини тиклаш учун хизмат қилиши мақсад қилиб олинган.


ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 23/05/2020 10:38;   Кўрилганлиги: 180
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/ramazon-hayiti-munosabati-afv-etilganlarning-12-nafari-samarqanddan
Чоп этилган вақт: 11/08/2020 11:59
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг