Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Қуръон тиловати, зикр-салавот, садақот офатларнинг даф бўлиши омилларидандир

 
 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси бутун дунёга жиддий ташвиш олиб келаётган коронавирус каби юқумли хасталикни тез орада инсоният бошидан аритиш борасида Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга мувофиқ махсус амалларни адо этиш вазифасини диний соҳа ходимларига тавсия қилди. Унда, жумладан, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, Тошкент шаҳри ва вилоятлар вакилликлари томонидан бир бош қорамол ва ҳар бир туман-шаҳарларда бир бош қўй сўйилиб, гўштлар ва ҳадялар ила кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, дуоси мустажоб инсонлар ва меҳрибонлик уйларига хайрия қилиниши белгиланган эди.

Бундан ташқари, масжидлар имом-хатиблари, имом ноиблари ўз хонадонларида икки ракаат «Нажот сўраш» намозини ўқиб бўлгач, «Солатан тунажжино», «Солатан нория» дуоларини 300 мартадан ўқиш, диний таълим муассасалари устоз ва талабалари ўз уйларида 70та хатми Қуръон ўқиш ва Тошкент ислом институти устозлари тарафидан Имом Бухорийнинг «ал-Жоме ас-Саҳиҳ» асарини хатми Бухорий қилиш белгиланган. Бу амаллар 20 март жума куни соат 12:00гача якунланиши таъкидланган. 

Шунга биноан бугун, 20 март, жума куни вилоятимизнинг етук дин уламолари Самарқанд вилояти бош имом-хатиби З.Эшонқулов бошчилигида эрта тонг билан Оқдарё туманида жойлашган “Махдуми Аъзам” зиёратгоҳига ташриф буюрдилар. Бу жойда дастлаб Шайх Аҳмад ибн Мавлоно Жалолиддин Хўжагий Косоний ҳазратларининг ва ушбу мақбарадаги азизларнинг қабрлари зиёрат қилиниб, тиловат ва дуолар қилинди.

Шундан сўнг,  Оқдарё туман масжидлари томонидан қурбонлик қилинди. Унинг гўшти ва озиқ овқат маҳсулотларидан иборат эҳсонлар муҳтож, кам таъминланган оилаларга эҳсон қилинди.

Шунингдек, фахрий устозлар Имом Бухорий зиёратгоҳига ташриф буюриб, Имом Бухорий ҳазратларининг қабрлари зиёрат қилинди. У кишининг ҳақларига тиловат ва дуолар қилинди. Шундан сўнг Самарқанд вилоят вакиллиги томонидан бир бош қора мол сўйилиб, унинг гўшти ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат ҳадялар кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, дуоси мустажоб инсонларга хайрия қилинди.

Табаррук уламоларимиз томонидан ушбу хайрия тадбирлари, Хатми Қуръон, Хатми Бухорий ва саловат ва дуолар, эҳсонлар ижобати, инсониятга офият беришини, бало ва офатлардан асрашини сўраб, якуний дуолар қилинди. Шунингдек, вилоятдаги шаҳар ва туманларда ҳам мана шундай шаклда 7 нафар табаррук уламолар, Аллоҳга яқин, дуолари ижобат бўладиган кишилар иштирокида дуолар қилинди.

Тавсияда белгиланган барча дуо, тиловат ва хайрия амаллари бугун соат 12:00гача якунланди. 

Жумладан, вилоятдаги барча 285 та масжид имом-хатиблари ва имом-ноиблари томонидан 123 900 маротабадан “Солатан тунажжино” ва “Солатан нория”, 119714 маротаба “Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил” дуолари ҳамда 1254 маротабадан “Фотиҳа” ва  “Ихлос” суралари ва 59 та Хатми Қуръонлар ўқилди. Вилоят вакиллиги томонидан 120 кг. вазнлик бир бош қорамол, вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман масжидлари ҳисобидан туман ва шаҳар бош имом-хатиблари бошчилигида ўртача вазни 40-45 кг.ни ташкил этадиган жами 27 та қўйлар сўйилди. Ушбу жонлиқларнинг гўшти ҳамда 150.000.000 сўмдан зиёд миқдордаги озиқ-овқат (ун, шакар, ёғ, нон, макарон, совун в.б) маҳсулотлари кам таъминланган, ёрдамга муҳтож 450 та хонадонга ҳадя қилинди.

Шу билан бирга барча мўмин-мусулмонларга ҳам оила даврасида зикр, истиғфор ва балони даф бўлиши учун беш маҳал намоздан сўнг дуо ва тазарруда бўлишлари тавсия қилинмоқда.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ахборат хизмати


Киритилган вақти: 20/03/2020 17:47;   Кўрилганлиги: 1450
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/quron-tilovati-zikr-salavot-sadaqot-ofatlarning-daf-bolishi-omillaridandir
Чоп этилган вақт: 18/04/2024 06:19
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг