Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

ҚУРБОНЛИК ЎЗ СОҲИБИНИ ДЎЗАХДАН ҲИМОЯ ҚИЛАДИ

 
 

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилди:

Бас, Роббинг учун намоз ўқи ва қурбонлик сўй” (Кавсар сураси 2-оят).

Қурбонлик қилишдан мақсад банда Аллоҳнинг амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир.

Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоятга бошлаб қўйгани учун қанча такбир айтса, оз. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам, ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.

Аллоҳ таоло туя, қўй, эчкиларни сўйишни диннинг шиорларидан қилди. Бу амалларни бажаришда Аллоҳ таолонинг азамати ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади.Ундан ташқари бу жониворларни сўйишда биз учун бошқа фойдалар ҳам бор. Масалан: дунёвий фойда-ейиш, ичиш бўлса, ухровий фойда эса савобдир. Қурбонликдаги ихлос, хоссатан Аллоҳ таоло учун ва ундан савоб олиш мақсадида қилишдир.

Ҳусайн ибн Алидан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Қайси бир киши қурбонлик қилаётганидан дили хурсанд бўлса ва шу қурбонлигидан савобни ният қилса, ушбу қурбонлиги унга дўзахдан парда бўлади”, дедилар. (Табароний Кабир)

Асрлар давомида халқимиз ва бутун мусулмон дунёсининг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаб келаётган ушбу қутлуғ байрам кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондининг Самарқанд вилояти филиали, ҳамкор ташкилотлар ва вилоятда фаолият кўрсатаётган имом-хатиблар томонидан ҳам шу кунларда меҳр-мурувват тадбирлари вилоятимиз бўйлаб жуда кенг миқёсида ўтказилди.

Жумладан, “Вақф” хайрия жамоат фондининг Самарқанд вилояти филиали томонидан 2019 йил Қурбон ҳайити муносабати билан 8 бош қорамол ва 4 бош қўй қурбонлик қилиниб, 616 та хонадонга 1980 кг гўшт тарқатилди.  

“Ушбу гўштлар шаҳар ва туман бош имом хатиблари ҳамкорлигида жойларда истиқомат қилаётган 526 нафар кам таъминланган оилаларга, Имом Бухорий ҳадис мактаби ҳамда тадқиқот марказига, Вилоят ногиронлар жамияти аъзолари, “Мард Ўғлон” Давлат мукофоти совриндорининг никоҳ тўйи учун етказилди”, деди фонд раҳбарининг ўринбосари А.Султонов.

Албатта, бу каби саховат тадбирида иштирок этган ҳар бир юртдошимиз, вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида фаолият кўрсатиб келаётган имом-хатиблар ва “Вақф” фонди ходимларининг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ёлғиз кекса юртдошларимиз ҳолларидан хабар олиб, уларнинг кўнгилларини кўтариши  “Вақф” фондининг ташкил этилишидан кўзланган асосий мақсадлардан бири бўлган десак муболаға бўлмайди.

Аллоҳ таоло хайру саховат кўрсатган барча юртдошларимизнинг эҳсонларини Ўзи даргоҳида қабул айласин.

  

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги


Киритилган вақти: 14/08/2019 17:34;   Кўрилганлиги: 1258
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/qurbonlik-oz-sohibini-dozaxdan-himoya-qiladi
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 11:08
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг