Қурбон ҳайити муборак бўлсин!
بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله رب العالمين والصلاة والسلام على أشرف المرسلين
وعلى آله وأصحابه أجمعين وبعد
Ассалому алайкум вароҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Ҳурматли самарқандликлар, вилоятимиз мўмин-мусулмонлари!
Барчангизга энг улуғ байрам, Ийди Қурбон ҳайити муборак бўлсин.
Жорий йилги Қурбон ҳайитини ўзгача шукуҳ билан қарши олдик. Бугун юртимиз файзу футуҳга тўлгани, байрам гўзал тарзда ўтаётганини барчамиз эътироф этамиз. Масжидларимиз Ийд намози, Қуръони карим қироатлари билан мунаввар бўлди. Намозхонларимиз юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб, қўлларини дуога очдилар.
Халқимиз ушбу байрамни меҳр-мурувват, оқибат байрами деб билади. Қавму қариндошлар, ёру дўстлар ҳолидан хабар олишга интилади. Ҳозирда имом хатибларимиз саховатпешалар кўмагида “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида истиқомат қилаётганлар, жойлардаги меҳр-мурувватга, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтожлар ҳолидан хабар олмоқдалар. Уларга кўплаб, моддий-маънавий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Зеро ҳадиси шарифда “Амалларнинг энг афзали мўмин кишининг қалбига хурсандчилик улашишдир”, деб марҳамат қилинган.
Ҳозирда етти мингдан зиёд юртдошларимиз, шулар орасида тўрт юз эллик нафар самарқандликлар Муқаддас Макка шаҳрида Ҳаж амалини адо этмоқдалар. Аллоҳдан уларнинг ҳажларини мабрур қилишини, ибодатларни даргоҳида мақбул айлаб, дуоларини ижобат қилишини, юртимизга соғ-омонликда келишларини сўраймиз.
Ҳайит байрами – дунёдаги барча яхшиликларни ўзида мужассам этган кундир. Бу кунда қариндошлар, қўни-қўшнилар, ёри биродарларга меҳр улашиш, ёрдамга муҳтожларга мурувват қўлларини чўзиш лозим. Ҳар бир кишининг бу кунда ташвишу-ғамларини унитиб, шоду хуррам байрам нишонлашига кўмаклашишимиз даркордир.
Улуғвор соатларда улуғ ниятлар қиламиз: Аллоҳ таоло жонажон юртимизни паноҳида асрасин, юртдошларимиз турмушини фаровон қилсин. Муҳтарам юртбошимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар самара беришига ўзи кўмакчи бўлсин. Доимий тинчлик хотиржамлик, файзу барака, дастурхонимиздан тўкинлик аримасин. Ёмон кўзлардан, турли бало-қазолардан Ўзи сақласин.
Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўсин!
Зайниддин домла Эшонқулов
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Самарқанд вилояти вакили,
вилоят бош имом хатиби
Киритилган вақти: 21/08/2018 00:00; Кўрилганлиги: 1687
Чоп этилган вақт: 09/11/2024 04:40