Қўшничилик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Динимизда қўшниларга яхши муносабатда бўлиш, қўшничилик ҳақларига риоя қилиш муҳим ишлардан ҳисобланади. Зеро, инсонлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамланишида қўшниларнинг ўрни беқиёсдир. Ҳадиси шарифда: "Аллоҳнинг наздида қўшниларнинг энг яхшиси ўз қўшнисига яхши муносабатда бўлганидир” (Имом Термизий ривояти), дейилган.
Шу кеча кундузда бизнес-форумда иштирок этиш учун Самарқандга Суғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода бошчилигидаги делегация меҳмон бўлиб турибди. Меҳмонлар 19-20 апрел кунлари самарқандлик расмийлар томонидан тантали кутиб олиндилар. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг "samarkand.uz" расмий веб-сайти хабар бермоқда.
Суғд вилояти вакиллари уч кунлик ташриф давомида бизнес-форумда иштирок этиш билан бирга, вилоятимиздаги йирик саноат корхоналари, фермер хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади. Тарихий-маданий обидалар, диққатга сазовор масканларга саёҳат уюштирилади.
21 апрел куни Самарқанд шаҳридаги “Регистон плаза” меҳмонхонаси ҳовлисида самарқандлик ва суғдлик ишбилармонлар иштирокидаги бизнес-форум ўз ишини бошлади Унинг тантанали очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев ва Суғд вилояти раиси Р.Аҳмадзода иштирок этди ва нутқ сўзлади
Таъкидлаш лозимки, бизнес-форумнинг асосий мақсади икки давлатнинг умумий транспорт-коммуникациявий имконияти ва транзит салоҳиятидан тўла фойдаланиш орқали ўзаро товар айланмаси ҳажмини сон ва миқдор жиҳатидан ошириш, саноат маҳсулотлари миллий кўргазмасини ташкил этиш ҳисобига тадбиркорларимиз ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат.
Форум доирасида иштирокчилар учун икки мамлакатда инвесторлар учун яратилаётган шароит, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида муҳим маълумотлар берилиб, мавжуд иқтисодий имкониятлар тақдимоти ўтказилди.
Шунингдек, меҳмонларнинг вилоятдаги йирик саноат зоналари, зиёратгоҳлар, диққатга сазовор жойларга саёҳатлари уюштирилди.
Таъкидлаш лозимки, ташкил этилган бизнес-форум Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари ўртасида йўлга қўйилган алоқаларни мустаҳкамлашдаги муҳим қадамдир.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 21/04/2018 00:00; Кўрилганлиги: 2063
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 09:25