Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Қўшалоқ байрам: Конституциямизнинг 25 йиллиги ва илк хатмона тадбири

 
 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганлигига 25 йил тўлиши муносабати билан Республикамизнинг барча вилоят ва шаҳарлари, таълим муассасалари, идоралар, ташкилотлар ва барча маҳалларда учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

2017 йилнинг 6-декабр куни Имом Бухорий халқаро марказида ташкил этилган Самарқанд калом илми ва ҳадис илми мактабларида таълим олаётган имом хатиблар ва Марказ ходимлари иштирокида қўшалоқ байрам тадбири ўтказилди. Қомусимиз қабул қилинганига 25 йил тўлгани муносабати билан ташкил этилган тадбир мактаб тингловчиларининг илк хатмона тадбирига уланди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили, вилоят бош имом хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, калом илми мактаби масъули Шукрилло Умаров, ҳадис илми мактаби масъули Олимхон Юсупов ва барча ўқитувчи ва талабалар қатнашишиди.

Тадбирда Самарқанд вилоят бош имом хатиби Зайниддин домла Эшонқулов сўзга чиқиб, манашундай тинчлик, осойишталик ва осуда ҳаётимиз қадрига етишга барчани даъват этиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганлигига 25 йил тўлганлиги муносабати билан барчани қутлади. У “Бош қомусимиз инсон ҳаётининг барча жиҳатларини, жумладан, унинг шахсий, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқлари ва виждон эркинлигини кафолатловчи муҳим ҳужжат эканлигини таъкидлади. Юртимиздаги барча диний ташкилотлар фаолияти ва айниқса, жамиятда имом-хатиблар энг кўп учрайдиган оила ва никоҳ, ота-она ва фарзанднинг бурч ва мажбуриятари тўғрисидаги моддаларни Қуръони карим оятлари ва ҳадислар шарҳи асосида қиёслаб берди.

Бугунги кунда Ўзбекистон халқини 130 дан зиёд этник гуруҳ вакиллари ташкил этади. Биз учун шуниси ғоятда муҳимки, муқаддима, олти бўлим, йигирма олти боб ва 128 та моддадан иборат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсон ва фуқаронинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, барчанинг ҳуқуқ ва эркинликлари тенглигини ҳамда қонун ва суд олдида баробарлигини кафолатлайди. Шунингдек, тузилиши жиҳатидан халқаро мезонларга ҳам тўлиқ жавоб беради” деб ўз нутқини якунлади.

Мазкур тадбир давомида Самарқанд калом илми мактаби талабаларининг Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ал-Фиқҳ ал-акбар” китобининг тўлиқ матнини ёд олганликлари ҳамда Самарқанд ҳадис илми мактаби талабаларининг Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” китобидан 100 та ҳадисни ёдлаб топширишганлиги муносабати билан очиқ дарс ўтказилди.

Талабалар матн ва ҳадисларни ёддан айтиб беришди. Вилоят бош имом хатиби Зайниддин домла ўқитувчи ва талабалар билан суҳбатлашиб, дарс жараёнини кузатар экан, бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти тарафидан биздан талаб этилаётган нарса ҳам, айнан мана шу шаклда ва ушбу билимларни пухта эгаллаш эканлигини таъкидлаб, ушбу ишда барча талабалар ва устозлар ишига омадлар тилади.

Тадбир якунида хомийлар тарафидан пешқадам талабаларга эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг, барча тадбир иштирокчилари Самарқанд вилояти вакиллиги томонидан ташкил этилган байрам дастурхонига таклиф этилди.

Тоҳир Эвадуллаев

Имом Бухорий халқаро маркази бўлим бошлиғи


Киритилган вақти: 06/12/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2308
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/qoshaloq-bayram-konstitutsiyamizning-25-yilligi-va-ilk-xatmona-tadbiri
Чоп этилган вақт: 13/10/2024 05:59
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг