Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

ҚОМУСИМИЗ ИНСОН ВА ЖАМИЯТ ФАРОВОНЛИГИ ГАРОВИДИР

 
 

Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси

Конституцияси, 14 – модда

Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун, деган эди марҳум Президентимиз Ислом Каримов. Ушбу ибора давлатимиз Бош Қомусини ишлаб чиқишда ҳам асосий тамойил қилиб олинган. Конституциямиз моддалари биринчи ўринда инсоннинг, жамиятнинг фаровонлиги, истиқболи учун хизмат қилишни, фуқароларга порлоқ келажак асосини таъминлашни ўз олдидаги олий мақсад қилиб белгилаган.

Сир эмаски, Конституциямиздаги инсонийлик тамойиллари муқаддас ислом динимиз мақсадлари билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро, Ислом дини ҳам инсонларни зулматлар ботқоғидан ҳидоят нурига олиб чиқиш, уларни икки дунёда саодатманд қилиш учун юборилган диндир.

Қомусимизнинг 13 моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”, дейилган. Ислом динининг таълимотлари, қонун-қоидалари ва амалларидан ҳам бешта бош мақсад кўзда тутилгандир:

1. Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш
2. Инсон ақлини муҳофаза қилиш
3. Инсон динини муҳофаза қилиш
4. Инсон наслини муҳофаза қилиш
5. Инсон молу-мулкини муҳофаза қилиш

20-моддада “Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт”, деб таъкидланган. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир одам бир мусулмон кишини уни беҳурмат қилинаётган ва обрўси тўкилаётган жойда ҳимоясиз қолдирса, Аллоҳ ҳам уни У Зотнинг ҳимоясини истаб турган жойда ҳимоясиз қолдиради. Қай бир одам бир мусулмон кишини уни беҳурмат қилинаётган ва обрўси тўкилаётган жойда ҳимоя қилса, Аллоҳ ҳам уни У Зотнинг ҳимоясини истаб турган жойда ҳимоя қилади», дедилар», (Абу Довуд ривоят қилган) дейилган бўлса, Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, Аллоҳ қиёмат куни унинг юзини дўзахдан ҳимоя қилади», дедилар», (Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган) деб марҳамат қилинган. Ушбу мисоллар, солиштирувлар давом эттириладиган бўлса, яна кўплаб ўхшашлик, мосликларга гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Конституциямизнинг бошқа давлатлар конституциясида учрамайдиган асосий ўзига хосликларидан бири, унда алоҳида “Оила” бобининг келтирилганидир. “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”, дейилади 63-моддада. Ушбу бобда ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабат, худди муқаддас динимиздагидек, аниқ қилиб белгилаб қўйилган. Масалан, 64-модданинг биринчи қисмида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, деб белгиланган. Қиёслаш учун “Бақара” сурасининг 233-оятини мисол тариқасида келтиришимиз кифоя даражасида бўлади. Оятда: “Уларни (оналарни) яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир”, дейилган. Фарзандни туққан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишига шубҳа қолмайди ва бу оят 64-моддада айтилганидек, боланинг ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлайди.

Динимизда ота-онага яхшилик қилиш, хизматларини қилиб, дуоларини олиш вожиб амаллардан бўлиб, ибодат даражасига кўтарилган. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишлик билан бирга ота-онага яхшилик қилишликни Қуръони каримнинг бир неча оятларида ёнма-ён зикр қилиб келтирган. Жумладан:

“Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса эҳсон (яхшилик) қилингиз!” (Нисо-36)

“Айтинг: “Келингиз, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай: Унга бирор нарсани шерик қилмангиз, ота-онага эҳсон (яхшилик) қилингиз”. (Анъом-151)

Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. (Анкабут-8)
Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик.
(Луқмон-14). Бу борада эса Конституциямизнинг 66-моддасида “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”, деб белгилаб қўйилган.

8 декабр бизнинг эркинлигимиз кафолати, тараққиётимиз асоси бўлган Конституциямиз қабул қилинган кундир. Бу байрам барча юртдошларимизга муборак бўлсин ва қомусимиз халқ фаровонлиги йўлида мустаҳкам асос вазифасини бажараверсин.

Зайниддин Эшонқулов

Самарқанд вилоят бош имом хатиби


Киритилган вақти: 08/12/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1557
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/qomusimiz--inson-va-jamiyat-farovonligi-garovidir
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 20:56
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг