Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Президент ташрифидан сўнг...

 
 

Самарқанд шаҳридаги тадбиркорларга кўмаклашиш марказида Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақида вилоят ҳокимлигининг “samarkand.uz” сайти хабар беради.

Вилоят ҳокими Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

– Давлатимиз раҳбарининг ташрифи давомида ҳамда вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, аҳолининг таклиф ва ташаббуслари асосида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқимиз турмуш даражасини ошириш мақсадида Самарқандга қўшимча 500 миллион доллар маблағ ажратилди, – деди Т.Жўраев. – Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги томонидан халқаро молия ташкилотлари кредит линиялари ҳисобидан ажратиладиган 400 миллион доллар миқдоридаги маблағ чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликни ривожлантириш, ушбу йўналишларда саноат корхоналари ташкил қилиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, интенсив боғдорчиликни кенгайтириш, гидропоник усулдаги замонавий иссиқхоналар қуриш, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш корхоналари, совутгичли омборхоналар барпо этиш, қишлоқ хўжалиги учун замонавий техника ва технологиялар сотиб олишга йўналтирилади.

Ҳозирда ушбу маблағнинг 312 миллион долларига талабгорлар бор. Яна 88 миллион долларлик лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уни амалга оширадиган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Самарқанд шаҳрида тадбиркорларга кўмаклашиш маркази фаолиятини йўлга қўйдик. Эндиликда бу ерда вилоятдаги 18 тижорат банки, туман ва шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, лойиҳаларни тасдиқлаш ва амалга оширишга дахлдор бўлган бошқарма ва идоралар масъул ходимлари фаолият кўрсатади.

Бошқача айтганда, тадбиркор ушбу марказга ўз ғояси ёки лойиҳаси билан келиб, уни мукаммал, амалга ошадиган лойиҳага айлантириб, кредит оладиган бўлиб чиқиб кетади. Бу борадаги фаолият ҳар ҳафтада таҳлил этилиб, мазкур Матбуот маркази орқали оммавий ахборот воситаларига етказилади.

Бундан ташқари, вилоят ҳокими Президентимизнинг 2018 йил 16 мартдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармасига 50 миллион доллар ҳамда вилоятда ташкил этиладиган 17 кичик саноат зонасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга 50 миллион доллар маблағ ажратилишини маълум қилди.

Т.Жўраевнинг маълум қилишича, Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармасига бериладиган 50 миллион доллар вилоят туман ва шаҳарларидаги коммунал хўжаликлардаги муаммоларни бартараф этиш, муҳандислик-коммуникация тизимларини янгилаш, кўп қаватли уйлардаги шароитларни яхшилаш, йўлларни таъмирлаш каби мақсадларга йўналтирилади. Айни пайтда барча туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, мутасадди идоралар томонидан бу борада амалга ошириладиган ишлар лойиҳалари тайёрланмоқда.

***

Вилоят ҳокими Президентимиз ташрифи чоғида Пастдарғомда ўтказилган йиғилиш баёнида 146 банд бўйича белгиланган 260 дан ортиқ топшириқ ижроси ҳақида ҳам маълумот бериб, ушбу вазифаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши вилоят иқтисодиётини мустаҳкамлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, энг муҳими, вилоят аҳолиси турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Матбуот анжуманида вилоят ҳокими ҳамда мутасадди идоралар раҳбарлари журналистлар ва тадбиркорларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Иштирокчилар тадбиркорларга кўмаклашиш марказида яратилган шароит билан танишди.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 02/04/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1788
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/prezident-tashrifidan-song
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 11:39
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг