ПРЕЗИДЕНТ МУРОЖААТНОМАСИДАН ИЛҲОМЛАНИБ
Маълумки, муҳтарам юртбошимиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига тақдим этган Мурожаатномаси юртимиздаги барча оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб борилди. Давлатимиз раҳбарининг мамлакат тарихида биринчи марта парламентга мурожааномаси бу нафақат парламентимизга, балки бевосита халқимизга бўлган тарихий мурожаатидир. Ушбу мурожаатнома бутун Ўзбекистон халқининг қалбидан мустаҳкам жой олди.
Мазкур мурожаатномада юртбошимиз барча соҳалар қатори юртимизда ҳукм сураётган диний эркинлик ва муқаддас ислом дини таълимотини янада ривожлантириш билан боғлиқ баъзи масалаларни ҳам айтиб ўтдилар.
Ш.Мирзиёев ўз мурожаатида “...бу юртда олиму уламолар, буюк мутафаккир ва шоирлар, азиз-авлиёлар етишиб чиққан. Уларнинг аниқ фанлар ва диний илмлар соҳасида қолдирган бебаҳо мероси, бутун инсониятнинг маънавий мулки ҳисобланади” деб такидладилар.
Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон – улуғ аллома ва авлиёлар юрти. Бу табаррук заминдан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий, Баҳоуддин Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муин Насафий, Маҳмуд Замахшарий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва яна шунчалик кўп алломалар етишиб чиққанки, улар диний ва дунёвий соҳаларда дунёга машҳур бўлишган. Ҳозиргача бу улуғ бобокалонларимизнинг қолдирган улкан бебаҳо илмий мероси, дунё кутубхоналарида сақланмоқда, ўрганилмоқда.
Президентимизнинг шахсан ташаббуслари билан ушбу буюк аллома ва мутафаккирлар меросини янада чуқур ўрганиш, улар қолдирган маънавий меросни тўплаш, жаҳон стандартларига мос равишда сақлаш ва она тилимизга таржима қилиш бўйича ҳам аниқ кўрсатмалар берилган.
Жумладан, ўтган 2017 йилда Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази, Термиз шаҳрида Имом Термизий, Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий тадқиқот марказлари ва Ислом академияси каби илмий-маърифий муассасалар фаолиятини йўлга қўйиш ишлари бошлаб юборилди. Имом Бухорий мажмуаси қошида ҳадис ва калом, Бухорода ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси қошида тасаввуф, Қарши шаҳрида Абу Муъин мажмуаси қошида ақида, Фарғонада фиқҳ мактаблари ўз фаолиятларини бошлаб, бугунги кунда ушбу мактабларда имом хатиб ва уларнинг ўринбосарларидан танлов асосида қабул қилинган диний ходимлар махсус дастурлар асосида билимиларини янада оширишаётгани қувонарли ҳолдир.
Ҳозирда юртимиздаги китоб фондларида 100 мингдан ортиқ қадимий қўлёзма ва тошбосма ноёб манбалар сақланмоқда. Юртбошимиз айтганлиридек, ҳақиқатдан ҳам ушбу китоблар ҳанузгача ўрганилмаган, тадқиқ этилмаган. Биз исломий билимлардан анча ортда қолган эдик. Ислом динидан халқ чўчиб қолган эди. Лекин ислом дини бу инсониятни ҳалоллик, эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик йўлида бирлашишга даъват этадиган диндир. Ислом бу нурли ҳаёт сари қадам қўйишдир.
Бугунги кунда юртимизда барча шароитларга эга манашундай марказларда бизга қолдирилган бебаҳо меросни олиб, ўрганиб, таржималари билан шуғулланадиган ёшларни тарбиялаб етиштириш барчамизни бурчимиздир.
Ушбу ноёб манбалардаги ҳадислар ва алломаларимиз ўгитларида ватан, ота-она, халқ манфаъати, инсонларга меҳр оқибатли бўлиш, етимлар ва мискинларни бошини силаш, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззат каби инсоний фазилатлар мужассамдир. Биз ўрта асрларда яшаб, ижод қилиб, дунё тан олган улуғ аллома ва мутафаккирларнинг келажаги буюк ворисларимиз.
Биз дин номидан турли қўпорувчи, жамият ва халқ орасида ҳар-хил иғволарни тарқатувчи, қўли қонга ботган асл мақсади хунрезлик бўлган ҳар қандай мутаасссиб оқимлар билан асло муроса қилаолмаймиз. Муқаддас динимизни ҳар доим ҳимоя қиламиз. Бу йўлда қудратли давлатимиз ва азиз алломалариз қолдирган бой илмий меросга таянамиз.
Давлатимиз биз дин аҳлига шунчалик катта эътибор қаратиб турган бир пайтда бу неъматни қадрига етмаслик ҳам ношукрлик ҳисобланади. Ношукрлик эса бизнинг динимизда қаттиқ қораланади.
Юртбошимиз ташаббуси билан ташкил этилган ушбу илмий муассаса ва мактабларда ўзларининг диний ва дунёвий билимларини ривожлантираётган ҳар-бир киши соф ислом ғояларини очиб бериш, дин ҳеч қачон инсониятни ёвузликка бошламаслигини исботлаб беришдек улкан фазилатларни кўрсатмоғи лозим.
Хулосамиз шуки, жаҳолатга қарши маърифат ва эзгулик билан курашиш ғоясининг нақадар аҳамиятли эканлигини ич-ичимиздан ҳис қилиб, буни бутун Ўзбекистон ёшлари онги тафаккурига етказишдан иборат.
Шундай экан, жаҳонга машҳур бўлган зотларнинг авлодларидан ватан хоини, ақидапараст, мутаассиб жоҳил ва илмсиз кишиларни чиқиши ўзбек деган номга асло муносиб бўлмайди.
Буюк Аллоҳ барчамизни ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин!!!
Зайниддин домла Эшонқулов –
Самарқанд вилояти бош имом хатиби
Киритилган вақти: 05/01/2018 00:00; Кўрилганлиги: 2197
Чоп этилган вақт: 04/12/2024 14:00