Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусейн Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусейн бошчилигидаги делегация 22 июн куни Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Меҳмонларни вилоят мутасаддилари ҳамда Имом Бухорий жоме масжиди имом хатиби З.Эшонқулов кутиб олди.
Ҳадис илмининг султони, муҳаддислар имоми қўним топган муқаддас даргоҳга келар экан, олий мартабали меҳмон, дастлаб, Бухорий ҳазратларининг қабрини зиёрат этиб, у кишига бўлган юксак эҳтиромини намойиш этди.
Сўнг мажмуа тарихи билан танишиб, унинг мустақилликдан олдинги ва кейинги ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни диққат билан тинглади. Айниқса, сўнги йилларда олиб борилган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари борасида фикр билдириб, ўзининг таҳсинини, мутасаддиларга нисбатан чуқур миннатдорчилигини билдирди.
Дунё аҳли тан олган буюк пешвога кўрсатилаётган давлат даражасидаги эътибордан беҳад шодланган Мамнун Ҳусейн ҳазрати олийлари мажмуани зиёрат қилар экан, миллий меморчилик санъати билан йўғрилган кошинли айвонларни, маҳобатли мақбарани, серфайз ҳовлию, салобатли масжидни кўриб, Ўзбекистонда олиб борилаётган диний соҳадаги эътиборга юксак баҳо берди.
Ташриф сўнгида мусулмон олами эътироф этган кўплаб уламоларга бешик бўлган Ўзбекистон бугунги кунда ҳам ота-боболари изидан бориб, ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшаётгани, дунё ҳамжамиятида ҳам муносиб ўрин топиб бораётганини таъкидлаб, бу диёр ва унинг халқига порлоқ келажак тилаб қолди.
Кетиш олидан юқори мартабали меҳмон Имом Бухорий жоме масжид имом хатиби З.Эшонқуловга Қуръони карим китобини совға қилди ва мажмуа ҳовлисидаги тарихий чинорлар остида ташриф китобига ўзининг эзгу тилакларини ёзиб қолдирди.
Имом Бухорий жоме масжиди
имом хатиби З.Эшонқулов
Киритилган вақти: 23/06/2016 00:00; Кўрилганлиги: 5563
Чоп этилган вақт: 02/12/2024 15:47