Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Пайғамбаримиз (алайҳи салом)нинг туялари чўккан муборак жой

 
 

Қубо масжиди Ислом тарихида тақво асосига қурилган илк масжид бўлиб, Аллоҳ азза ва жалла бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: 

«Яна шундайлар ҳам борки, улар (мўминларга) зарар етказиш, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва олдин Аллоҳ ва (Унинг) Расулига қарши урушган (бир) кишига кўз тутиш учун масжид қуриб олдилар. Яна: “Фақат (бундан) яхшиликни истаган эдик”, деб қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ гувоҳлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир! (Эй, Муҳаммад!) зинҳор (Сиз) унда (намоз ўқиш учун) турманг! Биринчи кундан тақвога асосланган масжид эса, унда туришингизга лойиқроқдир. Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар» (Тавба сураси, 107–108-оятлар).

Ушбу оятлар бу масжиднинг улуғлиги, хайру-барокати ва бошқа масжидларга қараганда афзал эканини англатади. Ҳадиси шарифда: “Кимки уйида таҳорат олиб, Қубо масжидига борса ва унда икки ракат намоз ўқиса, умра қилганнинг ажрини олади”, дейилади.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шанба куни пиёда ва уловга минган ҳолда Қубо масжидига борар эдилар”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қубо масжиди қибласи пойдеворига асос солганлар. Масжид қурилиб битказилгач, жамоат билан намоз ўқишни бошлаб берганлар.

Қубо масжиди Мадинаи мунавваранинг жанубий-ғарбий қисмида, ҳарами набавийдан 3–5 км. узоқликда жойлашган. Унинг минораси ва мармардан ишланган меҳроби бўлиб, масжидда саҳоба Абу Айюб Ансорийга тегишли қудуқ, шунингдек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг жойнамозлари мавжуд бўлган. Мазкур масжид Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) туялари чўккан муборак жой саналади.

Ҳабарнгиз бор, кўп сонли юртдошларимиз яратиб берилаётган шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда “Умра” зиёратини адо этиш бахтига муяссар бўлмоқдалар. 20 декабрь куни ушбу мўътабар сафарга йўл олган Самарқандлик зиёратчилар Мадинаи Мунаввара шаҳридаги “Масжидун набавий”, “Қубо”, “Қиблатайин” каби масжидлар “Уҳуд тоғи” ва унинг этагидаги “шаҳидлар қабиристони”, “Бақийь” қабиристонларини зиёрат қилмоқдалар. Шунингдек, зиёратчиларимиз Маккаи Мукаррама шаҳрида бўлиб, Умра ибодатини ҳам адо этадилар. Аллоҳ таоло қилган ибодатларингизни мақбул қилсин.

ЎМИ - Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмити


Киритилган вақти: 26/12/2019 10:58;   Кўрилганлиги: 1335
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/paygambarimiz-alayhi-salomning-tuyalari-chokkan-muborak-joy
Чоп этилган вақт: 15/09/2024 16:16
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг