Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Пастдарғом туманида сайёр йиғилиши бўлиб ўтди

 
 

Бугун, 2025 йил 25 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигининг ташаббуси ҳамда йиллик иш режасига асосан навбатдаги сайёр йиғилиш Пастдарғом туманида ўтказилди. Тадбирлар олдидан вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, ўзининг керакли кўрсатма ва топшириқларини бериб ўтди.

Мазкур тадбирлардан сўнг, Хайрулло домла Пастдарғом тумани бош имом-хатиби О.Назаров ҳамроҳлигида туман марказидаги “Нурул Ислом” жоме масжиди ҳудудидаги бемор ва ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олиб, моддий кўмаклар кўрсатди ҳамда ҳақларига хайрли дуолар қилди.

Қолган бош имом-хатиблар ҳам тақсимот асосида тумандаги 24 та масжид имом-хатиблари ҳамда 2023-2024 йилларда Ҳаж ибодатига бориб келган ҳожилар ҳамроҳлигида 24 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг 140 дан зиёд ногиронлиги бор, ИҲМ, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва нотинч оилалар хонадонига ташриф буюрдилар. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди. Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Пастдарғом туманидаги 24 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Қўшничилик одоблари ва ҳақлари”, “Оила – муқаддас даргоҳ”, “Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш одоблари”, “Тинчлик қадри”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборсиз бўлмайлик”, “Ёшлар келажагимиз”, “Неъматларга шукр қилиш фазилати”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва бошқа бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар.

Шундан сўнг, Хайрулло домла “Нурул Ислом” жоме масжидида жамоат билан бирга Пешин намозини адо этди. ҳамда жамоатга “Шукроналик” мавзусида мазмунли маъруза қилиб берди.

Шундан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Пастдарғом туманидаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Мазкур йиғилишга вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров ва вакиллиги ходими Х.Темиров бевосита бош бўлдилар. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда масжиднинг ҳужжат юритиш ва ободончилик бўйича ҳамда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш, муборак Рамазон ойига барча масжидларни тайёрлаш ва шу каби долзарб йўналишлар бўйича керакли кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.

Мазкур тадбирлардан сўнг, Аллоҳдан юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, юртбошимизнинг олиб бораётган ишларига зафарлар сўраган ҳолда хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллги Матбуот хизмати


Киритилган вақти: 25/03/2025 16:41;   Кўрилганлиги: 2125
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/pastdargom-tumanida-sayyor-yigilishi-bolib-otdi
Чоп этилган вақт: 24/06/2025 09:59
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг