Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Озодликка чиққанлар билан суҳбат ўтказилди

 
 

Мамлакатимизда улуғ айём ва саналар арафасида инсонийликнинг олий намуналаридан авф амалларини қўллаш анъанага айланиб бормоқда. Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларни озодликка чиқариш ҳақидаги фармонларга имзо чекишлари бу хайрли ишларнинг яққол ифодасидир.

Ана шундай озодликка чиқарилиб, оила аъзолари бағрига қайтган инсонлардан бири Тайлоқ тумани Гулобод маҳалласида яшовчи фуқаро И.Сайфуллаевдир. Туман бош имом-хатиби Бекмурод домла Исмоилов мазкур фуқаро билан дилдан суҳбат ўтказди. Фуқаро И.Сайфуллаев 2005 йил экстремистик ташкилот ҳисобланган “Ҳизбут-таҳрир”га аъзо деб топилиб озодикдан маҳрум этилган эди. Президентимизнинг олийжаноб сиёсати билан 2018 йил озодликка чиқарилган.

Бекмурод домла Исмоилов жами 13 йил умрини жазони ижро этиш муассасасида ўтказиб, озодликка  чиққан И.Сайфуллаевнинг надомати, ҳавога совурилган умрининг бесамар йиллари учун чеккан  андуҳига қулоқ тутди...

Ота-онам, оилам ва фарзандларим бағрига қачон қайтишимни аниқ билмасдим, Президентимизга раҳмат, бизга ҳаётда ўз ўрнимизни топишимиз учун яна бир имконият берди. Қолаверса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўрсатаётган беминнат яхшиликлари мени ватанга, халқимга бўлган муҳаббатимни янада оширмоқда. Қилган ишларимдан пушаймонман, қилмишим қандай оқибатга олиб боришини кеч англадим – дейди И.Сайфуллаев кўзларида пушаймонлик ёшлари билан.

Ҳа азизлар! Гап озодликка қайтган юртдошларимизнинг қамоқдан кейинги ҳаёти тўғрисида кетмоқда экан, уларнинг одамларга қўшилиб, катта ҳаётга, жамиятга кўникишлари учун уларни бегонадек ажратиб қўймасдан, ҳар томонлама кўмаклашиш муҳим ҳисобланади. Бекмурод домла Исмоилов фуқарога ҳозирги тинч-тотув, фаровон ҳаётга шукроналар айтиш, берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, халқимиз осойишталиги учун ўз ҳиссасини қўшиш каби инсоний фазилатларни ўзида мужассам этиши ҳақида ўз насиҳатларини берди. И.Сайфуллаевнинг кейинги ҳаёти фаровон, оиласи тинч-тотув бўлиши, хайрли ишларда бардавом бўлишини сўраб дуои-хайрлар қилди. Бундай инсонларнинг кўнгилларини хушнуд этиш каби хайрли ишлар жойлардаги барча имом-хатибларимиз томонидан амалга ошириб келинмоқда. Аллоҳ таоло шу каби хайрли ишлари учун диний соҳа ходимларимизга Ўз ажру-мукофотларин берсин.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати 


Киритилган вақти: 04/07/2020 15:08;   Кўрилганлиги: 951
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/ozodlikka-chiqqanlar-bilan-suhbat-otkazildi
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 22:59
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг