Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4802-сонли Қарорининг қабул қилинганига бир йил бўлди
Бундан роппа-роса бир йил аввал, 2020 йил 11 августда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4802-сонли Қарори қабул қилинган эди.
Мотуридийлик таълимоти асосчиси Имом Абу Мансур Мотуридий ва унинг издошлари меросини чуқур ўрганиш, уларнинг ақида ва калом илми ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, уларда маънавий ва маърифий қарашларимизга ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш каби бир қатор вазифалар мазкур қарорнинг асосий мақсади сифатида белгилаб қўйилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу қарор нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини тизимли ҳамда илмий асосда ўрганишни янги босқичга олиб чиқишга замин яратди. Жумладан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази қарорда кўрсатилган муҳим ва долзарб вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишларни амалга оширди. Хусусан, Марказ илмий жамоаси томонидан тўққиз ойлик фаолият давомида 30 дан зиёд китоб ва рисолалар тайёрланди. Жумладан, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг 29, 28 ва 27-жузлари ўзбек тилига илмий-изоҳли таржима қилинди, “Китоб ат-тавҳид” асари эса Кембриджда сақланаётган ягона қўлёзма нусха асосида таҳқиқ қилиниб, ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимаси амалга оширилмоқда.
Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини халқаро жамоатчиликка кенг тарғиб қилиш мақсадида Марказ Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ICESCO), Анқара университети, Салжуқ университети, Қозоғистон фикр диний амалий тадқиқотлар маркази каби хорижий муассасалар билан Англашув меморандуми ва Келишув шартномаларини имзолади, жаҳоннинг кўзга кўринган мутахассислари иштирокида 20 дан зиёд илмий семинарлар ташкил этилди, “Имом Мотуридий таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусида халқаро онлайн илмий-амалий симпозиум, жаҳоннинг 23 нафар етакчи исломшунослари аъзо бўлган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Халқаро илмий ҳайъатининг йиғилиши ўтказилди. Телевидение ва радиода 30 га яқин чиқишлар ташкил қилинди, ижтимоий тармоқларда 1700 дан зиёд материал эълон қилинди. Марказ илмий ходимлари томонидан маҳаллий ва халқаро журналларда 100 дан зиёд мақола чоп этилди. 100 га яқин маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши халқаро жамоатчиликнинг юксак эътирофига сазовор бўлди. Халқаро миқёсдаги давлат ва жамоат арбоблари мазкур Марказ нафақат Ўзбекистонда, балки бутун жаҳонда мотуридийлик таълимотига оид тадқиқотларнинг марказий ўқига айланишини, мўътадил ислом таълимотини кенг тарғиб қилишда алоҳида ўрин тутишини таъкидлаб ўтдилар.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Киритилган вақти: 11/08/2021 11:28; Кўрилганлиги: 962
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 06:37