Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ УЛАМОЛАР КЕНГАШИ БАЁНОТИ (2022 йил 17 ноябрь)

 
 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин.

Муҳтарам юртдошлар!

Аллоҳ таоло инсонни ердан яратар экан, унинг зиммасига яна шу қайтадиган жойи – ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (“Ҳуд” сураси 61-оят). Бошқа ояти каримада: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (“Аъроф” сураси 56-оят), деб келтирилган. Аллоҳ таоло ушбу икки ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Шунинг баробарида унга зарар етказишнинг ҳар қандай туридан қайтаради.

Ер ва ундаги барча неъматларни келажак авлодга соф ҳолатда етказиш ҳар бир инсон олдидаги муҳим вазифаларидандир. Айниқса, бу имон-эътиқодли кишилар қалбида улкан масъулият ҳиссини оширади.

Сўнгги йилларда жаҳонда кузатилаётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Рўй бераётган чанг-тўзонлар, шунингдек, ёғингарчиликнинг камайиб ёки кўпайиб кетаётгани сўзимиз тасдиғидир. Бу ҳолат ҳар бир ақли расо кишини бефарқ қолдирмаслиги турган гап.

2022 йил 11 октябрь куни Президентимиз маҳаллаларни обод қилиш ва аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида ушбу долзарб масалага алоҳида тўхталиб, дарахт ҳавас билан экилиши, халқимиз, маҳаллаларимизнинг маданиятига айланиши лозимлигини таъкидладилар.

Президентимизнинг жонкуярлик билан айтган бу сўзлари – айни ҳақиқат. Чунки сўнгги пайтларда аҳоли орасида атроф-муҳитга беписанд, лоқайд қараш ҳоллари кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар тобора кўпайиши натижасида глобал экологик муаммолар юзага келмоқда.

Муҳтарам юртдошлар!

Ислом дини доимо поклик ва озодаликка чақиради.

Аввало, қалбдан бошланган поклик руҳу танимизни, атроф-муҳит – яшаб турган ватанимизни озода сақлашга чорлайди. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Поклик имоннинг ярмидир”, – деб, бежиз айтмаганлар (Имом Бухорий ва Имом Молик ривояти). Бошқа ҳадиси шарифда: “Уйларингиз атрофини пок тутинглар”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Табароний ривояти). Юқоридаги ҳадислардан маълум бўладики, атроф-муҳит поклиги қалб поклиги билан бевосита уйғундир.

Уйларимиз атрофи, ариқлар, кўчалар, қабристон ва унинг атрофини ҳашар йўли билан тозалаш, бўш жойларга кўчат экишдек гўзал одат қадимдан халқимиз орасида урф бўлиб келган. Аммо таассуфки, сўнгги пайтларда юртдошларимиз бу қадриятлардан узоқлашаётгандек гўё.

Шу боис, Давлатимиз раҳбари бу масалага маҳалла фаоллари, нуронийлар, уламолар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчиликни эътибор қаратишга даъват этиб, барчанинг зиммасидаги муҳим вазифани шундай баён этдилар: “Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Бунга ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин. Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда “бу ишингиз нотўғри бўлди”, дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларни бунга ўргатишимиз керак. Бу – ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир”.

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд розияллоҳу анҳуга: “Ҳатто оқиб турган дарёда бўлсанг ҳам, сувни исроф қилма!” деб қилган насиҳатлари бугунги кунда айни долзарб масала бўлиб турибди. Ота-боболаримиз ушбу ҳадисга йиллар давомида амал қилиб келишган. Биз ҳам ушбу ҳикматга, аввало ўзимиз риоя қилишимиз, қолверса, ўсиб келаётган ёш авлодга гўзал тарзда ўргатишимиз керак.

Атроф-муҳитни покиза сақлаш ҳам бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар” (Имом Бухорий ва Имом Абу Довуд ривояти).

Бироқ бугун бу ҳадисга амал қилмайдиган, лаънатдан қўрқмайдиган одамлар ҳам учраб тургани кишини маҳзун қилади.

Сув – ҳаёт манбаи ҳисобланиб, инсон у билан тирик. Ҳатто танамизнинг аксар қисмини айнан сув ташкил қилиши ҳаммага маълум. Уни ифлос қилиш табиатга нисбатан хиёнатдир. Йўллар ва соя-салқин жойлар барча инсонларнинг ҳаққи бўлиб, уларнинг ҳукми ҳам сув кабидир. Демак, сувни асраган каби соя – дарахтларни ҳам ҳимоя қилиш лозим.

Қуръони каримда табиат ҳодисалари ҳақида келган 750 га яқин оятлар инсонни мулоҳаза ва тафаккурга ундайди.

Улуғ алломалар асарларида ҳам атроф-муҳитга оид бир қатор масалалар баён этилган. Абу Али Ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида атроф-муҳитнинг инсон саломатлиги ва руҳиятига таъсирини очиб берган. Амир Темур бўз ерларни ўзлаштирган кишилар ёки боғ қилганларни рағбатлантирган. Алишер Навоий эса табиатга хиёнатни дўстга хиёнат қилишга қиёс қилган. Унинг наздида табиат ва дўст бир маънони англатган.

Сайёрамизда содир бўлаётган кўплаб техноген ҳолатлар, жумладан, атмосферага чиқарилаётган чиқиндилар сабаб иқлимнинг кескин ўзгариши, табиий бойликлардан оқилона фойдаланмаслик оқибатида дарё ва денгизларнинг қуриши бутун дунёни ташвишга солмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримдаги “Рум” сураси 30-оятида шундай хитоб қилади: “Одамларнинг қилмишлари туфайли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик пайдо бўлди. Бу уларнинг (ўз қилмишларидан) қайтишлари учун қилган баъзи (ёмон) ишлари (жазоси)ни уларга тоттириш учундир”.

Демак, қурғоқчиликнинг кўпайиши, деҳқончиликдан бараканинг кўтарилиши, турли касалликларнинг тарқалиши ҳамда ўт, сув балоси каби табиий офатлар инсонларнинг қилмишларига яраша огоҳлантириш ҳисобланади.

Муҳтарам юртдошлар!

Мусулмон киши табиатга ҳам озор бермайди. Балки уни обод қилиш, кўкаламзорлаштириш пайида бўлади. Бу ташаббус ҳукумат даражасида илгари сурилаётгани масаланинг жиддийлигига далолатдир.

Маълумки, 2021 йил ноябрь ойида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилиниб, 200 миллион туп дарахт кўчати экиш режалаштирилган эди. Бунга мувофиқ, кузда 85 миллион дона кўчат ўтқазилди. Кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик бу савобли ишда жонбозлик кўрсатди.

Мазкур йиғилишда Президентимиз: “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доирасида келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчатини экишни мақсад қилганмиз. Бу умуммиллий ҳаракатнинг натижаси ҳар бир маҳаллада кўриниши керак, бу савобли ишни ҳавас билан қилиш керак”, – деб таъкидладилар.

Ҳақиқатда, хайрли, эзгу, савоб амаллар узлуксиз амалга оширилиши зарур.

Яқинда ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бу йил якунигача 75 миллион дона, келгуси йил баҳор ойларида яна 125 миллион дона мевали ва манзарали кўчатлар экиш вазифаси қўйилди. Ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, 20 октябрдан 1 декабргача кўчат экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.

Динимиз ҳам бундай хайрли ташаббусга хайрихоҳ бўлиб, кўкаламзорлаштириш ишларига кенг тарғиб қилади. Ҳатто уруш пайтида ҳам дарахтларни сабабсиз кесмаслик, обод жойларни вайрон қилмасликка буюрилганимиз атроф-муҳит муҳофазасига эътиборнинг юксак кўриниши эмасми?!

Ерга ишлов бериш ва кўчат ўтқазиш савоби улуғ амаллардан.

Қуръони каримда дарахт ва экишга оид сўзлар жами ўттиз икки ўринда келган. Ислом дини деҳқончиликка алоҳида эътибор қаратганидан унинг фойдасини эгасига доимий етиб турадиган яхшиликлар – садақаи жория қаторига қўшган.

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бирор ўлик ерни тирилтирса, яъни обод этса, унга шунда ажр бордир. Шунингдек, ундан бирор жонзот еган нарсада унга садақа (савоби) бордир”, дедилар (Имом Доримий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда: “Қайси бир мусулмон дарахт ё экин экса-ю, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, албатта, шу сабабли у учун садақа бўлур”, деганлар” (Имом Бухорий ривояти).

Кўчат экиш ҳақида гап кетаркан, унинг аҳамиятини Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифлардан билиб оламиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар Қиёмат қоим бўлса-ю, қай бирингизнинг қўлида бир дона хурмо кўчати бўлса, Қиёмат қоим бўлгунча уни экишга қодир бўлса, уни экиб қўйсин”, - деганлар.

Қиёмат бошланган бўлса, экин экишнинг нима фойдаси бор, деган савол туғилиши табиий.

Бу саволга Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кексалик ёшида ҳам кўчат экаётган кишига қараб: “Қиёмат қоим бўлганда обод қилувчилар қаторида бўлиб ўлиш яхшироқдир”, - деган гаплари жавоб бўлади.

Бундан келиб чиқадики, шу азиз юртнинг фуқароси бўлган ҳар бир мўмин-мусулмон “Яшил макон” умуммиллий тадбири доирасида дарахт экиб, кўчат ўтқазиб, ўзи яшаб турган шаҳару қишлоғини, маҳалласини обод қилишда фаол бўлиши лозим. Бу бизга икки карра ютуқ бўлиб, аввало, юртимиз обод бўлади, шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси кўркамлашади. Шунингдек, бундай хайрли ишларимизнинг савоби садақаи жория сифатида амал дафтаримизга ёзилиб туради, иншоаллоҳ.

 

Муҳтарам юртдошлар!

Аллоҳ таоло барчамизни покликка интилувчи, билганларига амал қилувчи, жисму имони, уй-жойи – Ватанини тоза тутувчи, боғу роғлар ўстирувчи ва Ер юзини обод қилувчилардан қилсин!

Бу ишларимиз қиёматгача садақаи жория бўлишини насиб айласин! Омин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Уламолар Кенгаши,

2022 йил 17 ноябрь


Киритилган вақти: 18/11/2022 10:02;   Кўрилганлиги: 338
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/ozbekiston-musulmonlari-idorasi-ulamolar-kengashi-bayonoti-2022-yil-17-noyabr
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 21:21
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг