Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ УЛАМОЛАР КЕНГАШИ БАЁНОТИ

 
 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом

салавоту саломлар бўлсин.

 

Муҳтарам юртдошлар!

 Аллоҳ таоло инсонни улуғлаб, унга ато этилган неъмат – табиатни асраб-авайлаш, ундан меъёрида, мақсадли фойдаланишга буюрган. Ҳақ таоло “Аъроф” сурасининг 56-оятида шундай амр қилади: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!”

Шу каби илоҳий таъкидлар ҳар бир инсонни неъматларга оқилона муносабатда бўлиш, атроф-муҳитни озода сақлаш, табиат мусаффолигини асрашга чақиради. Ислом динидаги ўгитлар Ер юзида яшовчи имон-эътиқодли кишилар қалбида табиатни эъзозлашга масъулият туйғусини оширади.

Афсуски, сўнгги йилларда дунё ҳамжамияти экологик муаммолар туфайли азият чекмоқда. Глобал иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги, чанг бўронлари каби табиий офатлар инсониятни танг аҳволга солиб қўймоқда. Табиатнинг бу каби инжиқликлари, таассуфки, ўтган йили юртимизда ҳам кузатилди. 2021 йилнинг куз ойларида айрим ҳудудлардаги чанг бўронлари ҳар биримизни ҳушёр торттирди. Қолаверса, айни қиш кунларида ёғингарчиликнинг камайиб кетгани ҳам кишини ўйлантириб қўяди.

2022 йилнинг 2 февраль куни Президентимиз раислигида экологик ҳолатни яхшилаш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш юзасидан ўтказилган йиғилишда шу каби долзарб масалаларга алоҳида тўхталиб, жумладан, ота-оналаримиз ўзи истиқомат қилаётган ҳовлиси, теварак-атрофни покиза, тоза сақлаш керак эканини таълим беришганини таъкидладилар.

Ҳақиқатда, азалий қадриятларимизда тупроқ ва сув, умуман, табиат алоҳида қадрланган. Муҳтарам Президентимиз, жумладан, шундай дедилар: “Бирни кессанг, ўнни эк” деган доно мақол ҳам бежиз айтилмаган. Дарахт эккан одамга унинг савоби тегиб туради, дейилган. Оилада фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган.

Дунё миқёсида саноат юқори даражада ривожланган XXI асрда экология билан боғлиқ муаммолар биринчи даражали муаммо сифатида кун тартибига чиқмоқда. Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши керак. Бунинг учун биз табиатга эътибор беришимиз, фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутишимиз зарур.

Энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини ошириш. Бугун кўчага ёки исталган жойга қаранг. Ҳамма жойда одамлар ташлаб кетган чиқиндиларни кўрасиз. Биз она юртимизни муқаддас деймиз. Нима учун уни тоза-озода сақламаймиз? Ахир, муқаддас китобларимизда ҳам “Поклик иймондандур” дейилган”.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг жонкуярлик билан айтган сўзлари – айни ҳақиқат. Чунки сўнгги пайтларда аҳоли орасида атроф-муҳитга беписанд, лоқайд қараш ҳоллари кузатилмоқда. Бунинг натижасида эса, табиийки, глобал экологик муаммолар юзага келмоқда.

 

Муҳтарам юртдошлар!

Аллоҳ таоло бизга атроф-муҳитни озода сақлаш, муҳофаза қилиш ва ифлослантирмасликка буюрган. Шу билан бирга, динимиз том маънода поклик динидир. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик имоннинг ярмидир”, – деб, бежиз айтмаганлар (Имом Бухорий ва Имом Молик ривояти).

Инсон имонининг ярмини поклик, тозалик орқали мустаҳкамласа, қолганини илм воситасида эгаллайди. Бундан чиқадики, атроф-муҳит муҳофазаси мустаҳкам илмий асосга эга бўлиши зарур.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ (айбу нуқсондан) покдир – хушбўйликни суяди, озодадир – озодаликни суяди, карамлидир – олийҳимматлиликни суяди, сахийдир – саховатни суяди...», – дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Шу билан бирга, Расул алайҳиссалом: “Уйларингиз атрофини пок тутинглар”, – деганлар (Имом Бухорий
ва Имом Табароний ривояти)
. Зеро, Ватан остонадан – уйдан бошланади.

Уйларимиз атрофи, ариқлар, кўчалар, қабристон ва унинг атрофларини ҳашар йўллари билан тозалаш қадимдан халқимизда урф бўлиб келган яхши одатлардан. Мана, неча асрларки, бу урф-одат халқимиз қадриятларида ўз ифодасини топмоқда. Аммо сўнгги пайтларда юртдошларимиз бу қадриятлардан узоқлашгандек гўё.

Шу боис, Давлатимиз раҳбари бу масалага маҳалла фаоллари, нуронийлар, уламолар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик эътибор қаратишга даъват этиб, барчанинг зиммасидаги муҳим вазифани шундай баён этдилар: “Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Бунга ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин. Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда “бу ишингиз нотўғри бўлди”, дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларни бунга ўргатишимиз керак. Бу – ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир”.

Ёши улуғларимизнинг сувга чиқинди ташлаш ва ҳатто тош отишга ҳам қўймасдан: “Сувнинг ҳам, ернинг ҳам жони бор, озор бериб бўлмайди”, деган ҳикматни бугунги ёш авлодга ҳам таълим бериш керак.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Абу Довуд ривояти). Бироқ бугун бу ҳадисга амал қилмайдиганлар, лаънатдан қўрқмайдиган одамлар ҳам учраб тургани кишини ажаблантиради.

Қуръони каримдаги 750 га яқин оят табиат ҳодисалари ҳақида мулоҳаза юритишга ва Аллоҳ таолонинг яратиқлари ўртасидаги муносабатларни ўрганишга ундайди.

Улуғ алломалар асарларида ҳам атроф-муҳитга оид бир қатор масалалар баён этилган. Абу Али Ибн Сино “Тиб конунлари” асарида атроф-муҳитнинг инсон саломатлиги ва руҳиятига таъсирини очиб берган. Амир Темур бўз ерларни ўзлаштирган кишилар ёки боғ қилганларни рағбатлантирган. Алишер Навоий эса табиатга хиёнатни дўстга хиёнат қилишга қиёс қилган.

Аллоҳ таоло бизнинг яхши яшашимиз учун неъмат қилиб берган Ер сайёрасига нисбатан яхши муомалада бўлишга буюради. Акс ҳолда, фожиали фалокатлар содир бўлади. Сайёрамизда содир бўлаётган кўплаб техноген ҳолатлар, жумладан, атмосферага чиқарилаётган чиқиндилар сабаб иқлимнинг кескин ўзгариши, табиий бойликлардан оқилона фойдаланмаслик оқибатида дарё ва денгизларнинг қуриши афкор оммасини ташвишга солмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримдаги “Рум” сураси 30-оятида шундай хитоб қилади: “Одамларнинг қилмишлари туфайли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик пайдо бўлди. Бу уларнинг (ўз қилмишларидан) қайтишлари учун қилган баъзи (ёмон) ишлари (жазоси)ни уларга тоттириш учундир”.

Демак, қурғоқчилик, зироат ва тижоратдан бараканинг кетиши, турли касалликларнинг тарқалиши ҳамда ўт, сув балоси каби офатлар одамларнинг қилмишларига яраша огоҳлантиришдир.

 

Муҳтарам юртдошлар!

Чин мусулмон киши нафақат инсонларга, балки табиатга ҳам озор бермайди. Уни обод қилиш, кўкаламзорлаштириш пайида бўлади. Бу ташаббус ҳукуматимиз томонидан илгари сурилаётгани ҳар биримизни огоҳликка чақиради.

Маълумки, 2021 йил ноябрда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилиниб, 200 миллион туп дарахт кўчати экиш режалаштирилган эди. Бунга мувофиқ, кузда 85 миллион дона кўчат ўтқазилди. Кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик бу савобли ишда жонбозлик кўрсатди. Бу йил баҳор мавсумида 125 миллион дона дарахт кўчатларини экиш мўлжалланмоқда.

Мазкур йиғилишда Президентимиз: “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доирасида келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчатини экишни мақсад қилганмиз. Бу умуммиллий ҳаракатнинг натижаси ҳар бир маҳаллада кўриниши керак, бу савобли ишни ҳавас билан қилиш керак”, – дедилар.

Динимиз ҳам бундай хайрли ташаббусга хайрихоҳ бўлиб, уни кўкаламзорлаштириш ишларини кенг тарғиб қилади. Бунга Набий алайҳиссаломнинг ҳатто уруш пайтида ҳам дарахтларни сабабсиз кесмасликни, ўрмонларни ёқмасликни буюрганлари атроф-муҳит муҳофазасига эътиборнинг юксак кўринишидир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадисда: “Агар бир мусулмон банда кўчат ўтқазса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ё ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Дарахт экиш инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, Қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади. Бошқа бир ривоятда: “Агар мусулмон банда бирон кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки қуш еса, бу ўша бандага қиёмат кунигача садақаи жория бўлади”, дейилган (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Бундан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини кўчат ўтқазиш ва экин экишга тарғиб қилганлари маълум бўлади. Ҳатто Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар қиёмат қоим бўлиб қолсаю ва шу вақтда биронтангизнинг қўлида хурмо кўчати бўлса, уни экишга улгурса, экиб қўйсин”,– дедилар (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).

Бундан келиб чиқадики, ҳар биримиз ўзимиз яшаб турган шаҳару қишлоқларимизни, маҳаллаларимизни обод қилиб, жорий йилнинг 1 мартидан “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири доирасида бошланажак кўкаламзорлаштириш ишларида фаол бўлиб, масжидларимиз атрофига, маҳалла-кўйларимизга, кўчаларимизга бир тупдан кўчат ўтқазсак, бутун мамлакатимиз обод бўлиб, боғу бўстонга айланади.

Бундай хайрли ишларимизнинг савоби садақаи жория сифатида то қиёматгача номаи аъмолимизга тўхтовсиз савоб бўлиб ёзилиб туради, иншо Аллоҳ.

 

Муҳтарам юртдошлар!

Аллоҳ таоло барчамизни покликка интилувчи, билганларига амал қилувчи, жисму имони, уй-жойи – Ватанини тоза тутувчи, боғу роғлар ўстирувчи ва Ер юзини обод қилувчилардан қилсин!

Бу ишларимиз қиёматгача садақаи жория бўлишини насиб айласин! Омин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Уламолар Кенгаши,

2022 йил 1 март


Киритилган вақти: 01/03/2022 23:01;   Кўрилганлиги: 534
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/ozbekiston-musulmonlari-idorasi-ulamolar-kengashi-bayonoti
Чоп этилган вақт: 24/04/2024 20:53
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг