Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Отинойиларнинг навбатдаги малака ошириш ўқувлари вилоят вакиллиги биносида бошланди

 
 

Олдин хабар берганимиздек Ўзбекистон халқаро ислом академияси  ҳузуридаги Малака ошириш марказининг Самарқанд вилояти минтақавий филиали томонидан отинойлар учун ташкил этилган ўқув курси Самарқанд компьютер технологиялари ва гидромелиорация коллежи биносида олиб борилаётган эди. Ўқув машғулотлари 2019 йил 16 сентябрьдан бошланган бўлиб, ҳар бир гуруҳ 2 ҳафта  мобайнида 72 соатлик машғулотларда иштирок этиб келмоқда.

“Ўқув машғулотларини ўтказишда Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Вилоят Адлия бошқармаси, Маънавият-маърифат маркази, Оила илмий-амалий маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг Самарқанд вилояти минтақавий филиали, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабининг малакали профессор-ўқитувчилари жалб этилган. Ўқув машғулотлари муаммоли маъруза, амалий-тренинг ва давра суҳбати каби интерфаол методлар, шунингдек замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда олиб борилади. Режага мувофиқ малака ошириш ўқувлари бўйича якуний тест синовлари ҳам ўтказилмоқда. Тест синовларини ЎХИА ҳузуридаги Малака ошириш маркази масъул ходими Ў.Сатторов, минтақавий филиал ходимлари Т.Эвадуллаев, Ж.Очилов, Д.Қосимов ва Самарқанд вилояти  бош отинойиси Н.Темировалар томонидан олиб борилмоқда. Шу вақтга қадар 5 та давра ўқишлари бўлиб ўтди. Унда 487 нафар отинойилар қатнашиб, уларнинг барчаси якуний тест синовларидан муваффақиятли ўтди”, - деди Ўзбекистон халқаро ислом академияси  ҳузуридаги Малака ошириш марказининг Самарқанд вилояти минтақавий филиали раҳбари Т.Эвадуллаев.

Отинойиларнинг 6-давра малака ошириш ўқувлари Самарқанд вилоят вакиллиги биносидаги ўқув хонасида бошланди. Ўқувларнинг навбатдаги иштирокчилари билан Самарқанд вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов машғулотлардан олдин учрашиб, уларга ушбу таълим жараёнларида муваффақиятлар тилади ҳамда отинойилар олдида турган вазифалар, улар учун яратиб берилаётган шароитлар ҳақида гапириб ўтди.

Шундан сўнг Малака ошириш маркази масъул ходими М.Абдупаттоев отинойиларга ўқувларни ташкил этилиши ва Малака ошириши маркази фаолияти ҳақида маълумот берди. Шундай қилиб, Отинойилар илк дарсни катта мамнуният билан замонавий, шинам, барча қулайликларга эга хонада бошлади.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги


Киритилган вақти: 09/12/2019 12:15;   Кўрилганлиги: 1149
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/otinoyilarning-navbatdagi-malaka-oshirish-oquvlari-viloyat-vakilligi-binosida-boshlandi
Чоп этилган вақт: 28/04/2024 00:58
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг