Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

ОҚ МАСЖИД ОБОД БЎЛАДИ

 
 

Самарқанд вилояти, Нуробод тумани, Тим қишлоғида XVI асрда барпо этилиб, давлат муҳофазасига олинган “Оқ масжид” (Араб ота) биноси энг чекка ҳудуддаги тарихий масжидлардан ҳисобланади. Унда намозхонлар кунлик беш вақт ва жума намозларини адо этиб келишади. Масжид ҳамда маҳалла фаолларининг таъкидлашича ушбу масжид биноси мавжуд намозхонларнинг сиғими учун етарли бўлмоқда. Дарҳақиқат, бино бугунги кунда таъмирталаб ҳолатда. Ушбу бино Маданий мерос департаменти Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси тасарруфида бўлгани боис уни таъмирлаш ишлари фақат мана шу ташкилот орқали амалга оширилади. Маданий мерос вилоят бошқармаси томонидан 2010 йил 10 июн, 2016 йил 16 март кунлари “Оқ масжид” биносининг ҳолати ўрганилиб, уни таъмирлаш зарурати тўғрисида далолатнома тузилган ҳамда унинг нусхалари тегишли идораларга юборилиб, ушбу объектни таъмирлаш учун лойиҳа сметаларини тайёрлаб беришлари сўралган. Бундан ташқари “Оқ масжид” биноси Маданий мерос вилоят бошқармаси томонидан 2017-2027 йилларга мўлжалланган манзилли таъмирлаш дастурига киритилган ва масжид биносини таъмирлаш учун маблағ ажратилишини сўраб бир неча бор бош бошқармага мурожаат юборилган.

“Оқ масжид” биносининг ҳозирги ҳолатини ўрганиш мақсадида мутасаддилар 24 июн куни Тим қишлоғида бўлдилар. Ушбу масжид биносини таъмирлаш, ободонлаштириш ва намозхонлар учун қулай шароитлар яратиш ва замонавий таҳоратхона қуриш борасида ўзаро келишиб олинди. Мутахассислар томонидан таъмирлаш лойиҳаси тайёр бўлиши билан мутасадди идоралар ва ҳомийлар кўмагида бинонинг асл ҳолатини тиклаш, таъмирлаш ва қурилиш ишлари бошланади. Сўнги вақтларда тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳ ва биноларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштиришга ҳукумат томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Албатта бу каби маданий меросларимизни асраб авайлаш, уни келгуси авлодларга бекаму кўст етказишда барчамиз бирдек масъулмиз.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакили З.Эшонқулов


Киритилган вақти: 26/06/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 1250
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/oq-masjid-obod-boladi
Чоп этилган вақт: 04/10/2024 16:32
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг