Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Муфтий ҳазратлари ва Дин ишлар бўйича қўмита раиси Ироқдан қайтарилган болалар ҳолидан хабар олди

 
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари юртимизнинг бир қатор ҳудудларида бўлиб, соҳага тегишли вазифларнинг ижроси, диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар кўлами билан танишиб, имом-хатиблар билан суҳбатлашмоқда.  Шунингдек, сафарлар давомида аҳоли вакиллари билан учрашувлар, турли хайрия ва саховат тадбирлари ҳам ташкил этилмоқда.

Бугун, 11 декабрь куни муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимов ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Самарқанд вилоятига ташрифларини бошладилар. Дастлабки манзил “Меҳр 2”инсонпарвалик операцияси орқали ватанга қайтарилган болалар билан учрашув бўлди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, шу йилнинг 30 май куни 156 нафар, 10 октябрь куни “Меҳр-2” номли инсонпарварлик операцияси доирасида юртимизга 64 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилган эди. Алдов оқибатида ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу инсонларга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилиб, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилган.

Каттақўрғон туманидан кетган оиланинг 6 нафар фарзандлари ҳам Ўзбекистонга қайтарилган эди. Муфтий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Каттақўрғон туманининг Тарнов маҳалласида яшаётган ўша болалар яшаётган хонадонда бўлдилар. Уларнинг яшаш шароитлари билан танишиб, келажакда салоҳиятли, юртига, дини ва жамиятга манфаати тегадиган баркамол фарзандлар бўлиб етишишлари учун муфтий ҳазратлари уларнинг ҳақларига дуо қилдилар. Шундан сўнг болаларга китоб, ўқув анжомлари, қишки иссиқ кийм, электр иситиш печи, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ҳар хил турдаги совға-саломлар ҳадя қилинди.

Қаратилган эътибор, меҳр ва мурувватдан фарзандлар, уларнинг бобо ва момолари ҳамда маҳалла аҳли беҳад миннатдор бўлиб, кўзларида ёш билан Президентимиз ҳамда бошқа вакилларнинг хусусан, Дин ишлар бўйича қўмита ҳамда мусулмонлар идораси раҳбарияти, вилоят ва Каттақўрғон туман ҳокимлиги, "Вақф" хайрия жамғармаси, Самарқанд вилоят вакилли раҳбарларининг ҳақларига дуо қилдилар.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги


Киритилган вақти: 11/12/2019 16:12;   Кўрилганлиги: 1161
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/muftiy-hazratlari-va-din-ishlar-boyicha-qomita-raisi-iroqdan-qaytarilgan-bolalar-holidan-xabar-oldi
Чоп этилган вақт: 28/04/2024 04:40
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг