Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Муфтий ҳазратлари олис Орлот қишлоғидаги таровеҳ намозида қатнашдилар

 
 

Аллоҳга шукрки, моҳи Рамазон ўлкамизда ўзгача файз ва тароват билан ўтмоқда. Қутлуғ ойнинг фазли ва баракасидан барча бирдек баҳраманд бўлишга ошиқмоқда. Буни одамларнинг хайрли ишларга ҳарислиги, ибодатга ошуфталиги ва фарзу суннат амалларини бажаришга эътибори ошганидан яққол сезиш мумкин.
Бу йилги Рамазон ойининг илк кунларида Самарқанд вилоятига Давлатимиз Раҳбарининг ташрифи ва муборак ой билан табрик қилишлари халқимизни чексиз қувонтирди.

Ташриф чоғида муҳтарам Президентимиз Ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ бобокалонимизнинг оламшумул довруғларига мос қадамжосининг янги лойиҳаси билан танишдилар. Мажмуа таркибига кирувчи масжиднинг ички саҳнининг ўзи икки минг квадрат метрдан ошади. Атрофидаги саҳнлар билан масжидда бир неча ўн минг мусулмон бир вақтнинг ўзида намоз ўқиши мумкин бўлади.
Ушбу буюк аллома хотирасига халқимизнинг ва жаҳон ҳамжамиятининг эҳтироми белгиси сифатида Аллоҳнинг изни ва халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан амалга ошириладиган мажмуага муборак Рамазон ойи кунларида тамал тошининг қўйилиши Яратган Парвардигоримизнинг ушбу эзгу ишларни қўллаб-қувватлашига умид боғлашга имкон беради.
Юртимизга ўзининг файзу баракаси билан кириб келган Рамазон ойнинг ҳикматлари жуда кўп, айниқса, ҳуфтон намозидан кейин таровеҳ намозининг ўқилиши энг ҳузурбахш онлар, десак тўғри бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазонда доим адо қилган таровеҳ намози таъкидланган суннат амал ҳисобланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазон ҳақида “Ким унда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” деганларини эшитдим” (Имом Бухорий).
Куни кеча мана шундай шариф ойнинг файзли оқшомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги “Эшони Темирхон тўра” жоме масжидига таровиҳ намозини мўмин-мусулмонлар билан бирга-бирга адо этиш учун ташриф буюрдилар. Ҳазратнинг ташрифларини эшитиб, кўзлари Рамазон шукуҳи ила чақнаган, юзлари нурли, ёшлари улуғ отахонлар ҳамда таровеҳ намозида Ҳақ каломига соме бўлишни интиқлик ила кутган намозхонлар жомега тўп-тўп бўлиб кела бошлашди. Яна бир қувонарлиси, ушбу жоме масжиднинг янги биноси қутлуғ ой арафасида фойдаланишга топширилиши мўмин-мусулмонларга Рамазон ойига катта туҳфа бўлган эди.
Масжидни файзга тўлдириб турган намозхонларни муфтий ҳазратлари муборак Рамазон ойи билан қутлаб, ушбу ойнинг фазилатлари ҳақида сўзлаб бердилар. Муфтий ҳазратлари тинчлик ва осойишталик неъмати, шукроналик, фарзандларимизни комил инсон этиб тарбиялаш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан сақлаш каби долзарб мавзуларда маъруза қилдилар.
Таровеҳ намози якунида муфтий ҳазратлари диёримизда олиб борилаётган улкан ўзгаришлар янада равнақ топиши, эл-юрт тинчлиги ва мамлакат ободлиги, ҳаётимиз янада фаровон бўлиши ҳамда турли касалликлар бартараф бўлишини Ҳақ таолодан тилаб дуои хайрлар қилдилар.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 17/04/2021 10:11;   Кўрилганлиги: 739
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/muftiy-hazratlari-olis-orlot-qishlogidagi-taroveh-namozida-qatnashdilar
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 02:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг