Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Муфтий ҳазрат Абдухолиқ Ғиждувоний масжидида жума намозини адо этди

 
 

Бугун, 29 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари жума намозини адо этиш учун Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги “Абдухолиқ Ғиждувоний” жоме масжидига ташриф буюрдилар. Ушбу табаррук жомеда муборак кун ибодатини адо этиш учун юзлаб намозхонлар жам бўлдилар.

Муфтий ҳазратлари жума мавъзисида бугунги кунда мўмин-мусулмонларга жуда катта имкониятлар берилаётгани ҳақида гапириб, юртимизда янги масжидларни қуриш, мавжудларини замонавий кўринишда қайта барпо қилиш ишлари жадал давом этаётганини сўзлаб бердилар. Хусусан, бугун Президентимизнинг Ғиждувон туманига ташрифлари чоғида Абдухолиқ Ғиждувоний мақбарасини зиёрат қилганлари, амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечирганлари, бу жойда маърифат маркази бўлиши, одамлар ўзига илм-маърифат олиб кетиши, ушбу марказда имом-хатиблар учун ҳам машғулотлар ташкил этиш тавсия этилгани ҳақида атрофлича сўзлаб бердилар. “Етти пир” ҳақида китоб ёзиш ва уларнинг илмий меросини тарғиб этиш бўйича давлатимиз Раҳбари топшириқ берганларини намозхонларга етказдилар.

Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, Абдухолиқ Ғиждувоний етти пирнинг биринчиси ва Хожагон тариқати асосчиси экани, кейинчалик Ориф Ревгарий, Маҳмуд Фағнавий, Али Ромитаний, Муҳаммад Бобои Самосий, Саййид Амир Кулол бу йўналишни давом эттириб, Баҳоуддин Нақшбанд уни юксак босқичга олиб чиққани ҳақидаги маълумотларни тақдим этдилар.

Муфтий ҳазратлари мавъиза якунида, намозхонларга бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги хайрли ишлар, ижроотлар ва бундай неъматларга ҳар бир киши туну кун Парвардигорга шукрона қилиши лозимлигини айтиб, халқимизни шукроналик ҳисси билан яшашга даъват этдилар.

Ушбу табаррук жойга келган зиёратчилар билан муфтий ҳазратлари суҳбат қуриб, уларнинг ҳаққига дуолар қилдилар.

Муфтий ҳазратнинг Бухоро вилояти сафари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

МАНБА: muslim.uz


Киритилган вақти: 29/03/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 786
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/muftiy-hazrat-abduxoliq-gijduvoniy-masjidida-juma-namozini-ado-etdi
Чоп этилган вақт: 25/06/2021 17:42
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг