Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Муфти ҳазратларининг Самарқандга ташрифи бошланди...

 
 

Бугун, 17 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Самарқанд вилоятига ташрифлари бошланди.

Ташриф давомида вилоятда маънавий-маърифий, хусусан, диний соҳада олиб борилаётган ислоҳот ва янгиланишларни кўздан кечириш, ва мавжуд муаммоларни ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўриш назарда тутилган. Шунингдек, ташрифдан кўзланган яна бир мақсад шуки, жорий йилнинг 8 июнъ кунидан бошлаб фақат «яшил» ҳудудларда масжидлар ўз фаолиятини бошлаши муносабати билан жомеларда олиб борилаётган тайёргарлик ишлари, санитар чоралар билан яқиндан танишишдир.

Меҳмонларнинг ташрифи, дастлаб вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ва вилоят ҳокими ўринбосари Д.Мамадкулов ҳамроҳлигида Иштихон туманида жойлашган “Орлот” жоме масжидида бўлдилар. Дастлаб, Қуръони карим тиловат қилингач, бу масжиднинг то қиёматгача Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган, хатми Қуръонлар, зикру тасбеҳлар ўқиладиган саждагоҳ бўлишини, моддий ва маънавий обод айлаши, мўмин-мусулмонлар ибодат қиладиган байтуллоҳ бўлишини тилаб, хайрли дуолар қилиниб, ушбу даргоҳда қўним топган барча ўтганларнинг руҳига бағишланди. Шундан сўнг меҳмонлар масжидда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Ҳаммаларимизга маълумки “Орлот” жоме масжидида намозхонлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида сўнги йилларда қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал суратларда амалга оширилмоқда. Меҳманлар бу борада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишмоқда. Зеро, масжид қуришнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”. Мана шундай савобли ишларга мухлис халқимиз масжид биноси қурилишида фаол иштирок этмоқда.
Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидни тез кунларда бунёд этилиб, халқимизга муборак айлашини насиб этсин!

Ташриф давом этмоқда...

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 17/06/2020 14:14;   Кўрилганлиги: 230
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/mufti-hazratlarining-samarqandga-tashrifi-boshlandi
Чоп этилган вақт: 12/08/2020 03:41
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг