Мева-сабзавот экспорт қилувчилар учун янгилик
Самарқанд вилоят прокуратурасида вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда тижорат банклари, солиқ идоралари ходимлари ҳамда тадбиркорлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир ўтказилди.
Қарорга кўра, юридик шахслар экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотларини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз экспорт қилишлари мумкин.
- Экспортдан тушумларни ўз вақтида таъминламаган ташкилотлар ноҳалол экспортёрлар реестрига киритилади ва кейинчалик уларга нисбатан экспорт қилишда тўловларни олдиндан тўлиқ тўлаш талаблари қўлланилади, - дейди вилоят божхона бошқармаси бўлим бош инспектори Ш.Раҳматов. - Тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳуқуқига ҳам эга. Бунда якка тартибдаги тадбиркорлар мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган тушумдан ягона солиқ тўлови тўлашлари керак бўлади.
Манба: “zarnews.uz”
Киритилган вақти: 17/11/2018 00:00; Кўрилганлиги: 1531
Чоп этилган вақт: 13/10/2024 06:14