Меҳр ва саховат — жамиятни бирлаштирувчи буюк куч

Аллоҳ таоло бандаларининг бир-бирига меҳр-шафқатли бўлишини, муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга ёрдам қўлини чўзишини буюрган. Расулуллоҳ ﷺ ҳам инсонларга яхшилик қилиш, етимлар ва эҳтиёжмандларга ғамхўрлик кўрсатишни энг савобли амаллардан эканини таъкидлаганлар. Шу боис халқимиз орасида меҳр-оқибат, саховат ва инсон қадрини улуғлаш каби эзгу қадриятлар азалдан мустаҳкам ўрин эгаллаб келади.
Ана шу олийжаноб фазилатларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида жорий йилнинг 23 июнь куни Самарқанд вилояти Тайлоқ туманида сайёр йиғилиш ўтказилди. Унда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ҳамда нуроний отахон ва онахонлар иштирок этдилар.
Тадбир аввалида туманда яшовчи кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий кўмаклар кўрсатилди. Хонадонларга ташрифлар давомида беморларнинг саломатлиги сўралиб, уларнинг кўнгли кўтарилди, ҳақларига шифо ва офият тилаб самимий дуолар қилинди. Зеро, бемор ҳолидан хабар олиш, муҳтож инсон қалбига умид ва ишонч бағишлаш Ислом таълимотида энг савобли амаллардан ҳисобланади.
Шунингдек, Хайрулло домла Саттаров, Тайлоқ тумани бош имом-хатиби Бобурхон домла Нарзуллаев ҳамда Садақайоғоч жоме масжиди имом-хатиби Файзуллахон домла Сайфитдиновлар Найман маҳалласида ҳомийлар кўмагида барпо этилаётган янги хонадон қурилиши билан танишдилар. Мазкур уй боқувчисини йўқотган оила учун қуриб берилмоқда. Шу билан бирга, яқинда ёнғин оқибатида уй-жойидан ажралган яна бир оиланинг хонадон қурилиш ишларига ҳам старт берилгани алоҳида эътироф этилди. Ушбу хайрли ишлар ҳаққига дуолар қилиниб, эҳтиёжманд оилаларга ҳадялар топширилди.
Сайёр йиғилиш давомида турли ёт ғоялар ва салбий таъсирларга тушиб қолган айрим фуқаролар билан ҳам якка тартибда маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказилди. Суҳбатларда оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнатнинг баракаси, ватанга муҳаббат, маънавий поклик ва жамият олдидаги масъулият каби ҳаётий аҳамиятга эга мавзулар кенг ёритилди. Самимий мулоқот ва ҳаётий мисоллар орқали уларнинг қалбида эзгуликка интилиш, келажакка ишонч ва жамиятга фойдали инсон бўлиш туйғуларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунида тумандаги барча масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ва тарбиявий маърузалар ташкил этилди. Уларда меҳр-оқибат, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, аҳиллик ва жамиятда соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришнинг аҳамияти ҳақида атрофлича фикрлар билдирилди. Шунингдек, мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, ёшларимизнинг комил инсон бўлиб вояга етиши ва юртимиз тараққиёти учун эзгу дуолар қилинди.
Ҳақиқатан ҳам, инсон қалбига қувонч улашиш, муҳтожнинг дардини енгиллатиш ва яхшилик уруғини сочиш — энг улуғ савоблардан биридир. Бундай хайрли тадбирлар аҳоли ўртасида меҳр-мурувват муҳитини янада мустаҳкамлаб, инсон қадрини улуғлаш, ўзаро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни кучайтиришга хизмат қилади. Чунки эзгулик ҳукм сурган, саховат ва меҳр-оқибат устувор бўлган юртда барака, тотувлик ва осойишталик ҳамиша барқарор бўлади.
















ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Киритилган вақти: 23/06/2026 18:46; Кўрилганлиги: 20
Чоп этилган вақт: 24/06/2026 00:32





















