Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Меҳр билан қилинган суҳбатнинг самараси бор

 
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги ташаббуси ҳамда йиллик иш режаси доирасида Нуробод туманида маънавият, меҳр-шафқат ва хайр-саховат руҳи билан ёдда қоларли сайёр йиғилиш ўтказилди.

Йиғилиш аввалида вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, сайёр тадбирларни мазмунли ва самарали ўтказиш бўйича муҳим кўрсатма ва тавсиялар берди. У киши ҳар бир имом-хатиб ва масъул шахсларга аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларнинг дарди ва эҳтиёжларини эшитиш ҳамда имкониятдан келиб чиқиб жойида ҳал этиш зарурлигини таъкидлади.

Шундан сўнг Хайрулло домла “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом-хатиби Раҳматулло домла Равшанов ҳамроҳлигида туманнинг Шарқ юлдузи маҳалласидаги оғир ижтимоий аҳволдаги, бемор ва ногиронлиги бор оилалар хонадонларига ташриф буюрдилар.

Ташрифлар давомида ҳар бир хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиб берилди, самимий мулоқот ва эзгу дуолар орқали муҳаббат ва миннатдорлик руҳи ҳукм сурди.

Шунингдек, вилоят ишчи гуруҳи Нуробод туманидаги 14 та масжидда пешин намозини жамоат билан адо этиб, қуйидаги йўналишларда таъсирли маърузалар қилди:

  • Берилган неъматларга шукрона қилиш фазилати
  • Оилавий тотувлик ва бирдамликни асраш
  • Четдан кириб келаётган ёт ғояларга алдaнмаслик
  • Қўшничилик муносабатлари ва уларнинг одоблари
  • Тинчлик ва осойишталикнинг беқиёс қадри
  • Фарзанд тарбияси – буюк бурч ва масъулият
  • Ёшлар – келажак тимсоли ва умид сутуни

Шу куни Хайрулло домла Саттаров “Ҳазрати Али” жоме масжидида “ Ҳақиқий бойлик — қаноат ва шукрда” мавзусида юракларга нур ва руҳларга илҳом бағишлаган маънавий-маърифий маъруза қилди.

Йиғилиш якунида имом-хатиблар ва маҳалла фаолларига халқ билан яқин мулоқотни кучайтириш, масжидларни халқ ҳаётининг маънавий марказига айлантириш ҳамда хайр-эҳсон ва саховат ишларини изчил давом эттириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилиш сўнгида раҳбарлар ва иштирокчилар юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги ва юртбошимиз бошчилигида олиб борилаётган хайрли ишларга зафарлар тилаб, биргаликда дуо қилдилар.

Бу сайёр йиғилиш нафақат амалий ёрдам, балки Нуробод аҳли учун маънавий кўтаринкилик, бирдамлик ва келажакка ишонч руҳини уйғотган ёдда қоларли кун бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллги Матбуот хизмати


Киритилган вақти: 29/10/2025 17:21;   Кўрилганлиги: 38
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/mehr-bilan-qilingan-suhbatning-samarasi-bor
Чоп этилган вақт: 01/11/2025 05:19
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг