Мавлуди шариф муборак
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Робиъул аввал ойи муносабати билан ислом дунёсида, хусусан юртимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғ насаблари, пок фитратлари, ибрат ва ҳикмат тўла муборак ҳаётларини тараннум этгувчи мавлиди шариф ўқилиши эзгу анъанага айланган.
Бир ой давомида Жума намозларида масжидларда Имом Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан Набий алайҳиссаломнинг туғилишлари, ҳаёт йўллари, аҳлоқлари тўғрисида битилган, халқ орасида машҳур бўлган “Мавлиди шариф” ва ўзбек тилидаги саловоти шарифлар ўқилади.
Бугун Самарқанд шаҳридаги “Хўжа Нисбатдор” жоме масжидида ҳам Жума намози олдидан Мавлиди шариф ўқилиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловотлар айтилди. Масжид имом-хатиби Б.Бобохонов таклифи билан Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Зафар Маҳмудов, илм аҳиллари, уламолар ҳам мавлуди шарифда иштирок этиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишнинг фазилати, туғилишлари, сийратлари, шу билан бирга бу ойда У зотнинг юксак ахлоқларини ҳам кўпроқ ўрганиб, амалда қўллаш ҳақида гапириб ўтдилар. Мавлуди шариф сўнгида юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, халқимизнинг омонлиги, тинчлигимиз барқарорлигини сўраб дуои хайрлар қилинди.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Киритилган вақти: 23/10/2020 17:10; Кўрилганлиги: 1430
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 18:11