Мавлиди шариф тадбирлари ўтказилди
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой – Робиъул аввал ойи муносабати билан юртимизда, шу қаторда вилоятимизда ҳам Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғ насаблари, пок фитратлари, ибрат ва ҳикмат тўла муборак ҳаётларини тараннум этгувчи мавлиди шариф ўқилиши эзгу анъанага айланган.
1 декабр куни вилоятимиз бўйлаб қатор масжидларда Имом Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан Набий алайҳиссалом туғилишлари, ҳаёт йўллари, аҳлоқлари тўғрисида битилган, халқ орасида машҳур бўлган “Мавлиди шариф” китоби ўқилди. Намозхонлар жўр бўлган ҳолда Саййидимиз саллоллоҳу алайҳи васалламга саловотлар йўлладилар.
Саловотлар шарофотидан масжидлар, манзиллар нурга тўлди, зеҳнлар Расул ёди билан банд бўлди, дурудлар қалблардаги У зотга бўлган муҳаббатни зиёда этди.
Мавлид ойи муносабати билан жойлардаги йиғинларда ҳам мўмин-мусулмонларга Расулимизни янада яхшироқ танитиш мақсадида сийратлари, шамоиллари ҳақида сўз юритиб келиняпти.
24 ноябрда ҳам бир қисм масжидларда мавлид тадбирлари ўтказилган эди.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 02/12/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2174
Чоп этилган вақт: 12/12/2024 00:12