Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Малайзиялик уламолар юртимиз бўйлаб саёҳатда

 
 

Шу кунларда юртимизда меҳмон бўлиб турган Малайзиянинг Перлис штати муфтийси Мохд Асри Бин Зайнул Абидин бошчилигидаги диний уламолардан иборат делегация Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишмоқда.

Дастлаб пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилган меҳмонларнинг саёҳат йўналишлари Самарқанд вилоятига қаратилди.

22-23 сентябр кунлари малайзиялик уламолар Самарқанд шаҳрини зиёрат қилдилар. Даставвал меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрдилар. Уларни Самарқанд вилояти Бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов кутиб олиб, ташрифи билан қутлади ҳамда мажмуани зиёрат қилдирди. Зиёрат давомида меҳмонларга муҳаддис олим Имом Бухорий ҳаёти, у кишининг фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан кейин меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги бошқа диққатга сазовор жойларни зиёрат қилдилар. Регистон майдони, Шоҳи Зинда, Гўри Амир, Ҳазрати Ҳизр мажумалари шулар жумласидандир.

Меҳмонлар саёҳат учун миннатдорлик билдириб, ушбу қадамжоларга ташриф ҳақида мамнуният билан сўзладилар. Самарқанд шаҳридаги қадамжолар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Миллий меъморчилигимиз, қадим обидаларимиз, таомларимиз хориж делегациясининг алоҳида эътиборини қозонди.

Меҳмонлар Самарқанд бўйлаб зиёратини якунлаб Бухоро шаҳрига жўнаб кетди.

Айни пайтда кўҳна шаҳар бўйлаб зиёрат давом эттирилмоқда. Бу ҳақда ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги матбуот хизмати хабар беради.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 25/09/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 816
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/malayziyalik-ulamolar-yurtimiz-boylab-sayohatda
Чоп этилган вақт: 21/09/2020 04:32
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг