Ихлос билан хайр-эҳсон қилган киши оятда ваъда қилинган улкан мукофотларга эришади.
Аллоҳ таоло томонидан берилган барча нарсалар бизларга омонат бўлганидек, молу бойлигимиз ҳам омонатдир. Аллоҳ берган молу дунёни Ўзи буюрган жойларга сарфлашимиз даркор. Хайру эҳсон ва садақа қилишда пешқадам бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Зеро Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида хайр-эҳсоннинг савоби улканлиги ҳақида хабар қилинган.
Масалан, Аллоҳ таоло: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”(Оли Имрон сураси, 92-оят). Ёки бошқа оятида: “Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 274-оят), деб марҳамат қилади.
Шу ўринда айтишимиз керакки Ургут тумани “Ғузни” масжиди имом-хатиби Абдуқодир домла Нурмуҳуммедов бошчилик бир гуруҳ саҳоват пеша инсонлар парвардигорнинг ҳузурида мукофотларга эга бўлиш мақсадида “Mehr saxovat Urgut” номли жамоага уюшдилар. Мақсад, эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар, етим болалар ва ногиронларга моддий ёрдам кўрсатиш, сахий инсонларни ушбу хайрли ишга даъват этиш Алҳамдулиллаҳ ҳозирги кунга қадар минглаб оилаларни камчиликларини бартараф этишга ёрдам бериб келмоқда.
Масалан: тумандаги 287 нафар болажонларга мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан тумандаги тадбиркорлар ва ҳомийлиги асосида ўқув қуроллари ва мактаб кийим бошлар болажонларга топширилди. Бундан ташқари қиш мавсуми учун 50 нафарга яқин етим ва ижтимоий кўмакка муҳтож мактаб ёшидаги болаларга қишги кийим кечаклар олиб берилди.
Бундай ишлар давом эттирилиши мақсад қилинган бўлиб, Иншааллоҳ яна 300 нафар болажонларга кийим бош олиб бериш режа қилинган.
Ҳар бир болага бош-оёқ кийим қилиш учун ўрта ҳисобда 820.000 сўм миқдоридаги маблағ ҳомийлар томонидан еҳсон қилинмокда.
Шунингдек, тумандаги 5 нафар уй жойга муҳтож оилаларга янги уйлар қуриб топширилди. Бемор ва касаллиги бўлган 150 нафар кишилар тумандаги хусусий шифохоналар ҳамкорлигида даволанди. 500 дан зиёд фуқароларга дори дармон маҳсулотлари олиб берилди.
Битта берилган хайр-эҳсонни эвазига Аллоҳ таоло бир неча баробар кўпайтириб бериши ҳақида: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 261-оят). Аллоҳ таоло бу мисоли билан қилинган биттагина эҳсон эвазига битта эмас, балки, етти юз ва ундан ортиқ савоб бериши мумкинлигини билдирмоқда. Эҳсон қилувчи киши бу эҳсони эвазига фақатгина охиратда ажр олибгина қолмай, бу дунёда ҳам мукофотларга эга бўлади. Яна бир гап, эҳсоннинг маъноси яхшилик қилишдир. Зеро, эзгу ишларга сарф қилинмаган, балки гуноҳ ва маъсият, одамлар орасини бузиш, ўртага зиддият ва адоват солишга сабаб бўладиган ишларга мол-мулк сарфлаш эҳсон дейилмайди ва у Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлмайди. Албатта, эҳсонни ўз жойига, муносиб кишиларга етим болаларга, беморларга, ногиронларга, муҳтож ва талабаларга бериш шартдир.
Азиз юртдошлар бу мақоладан кўзлаган мақсадимиз сахий инсонларнинг хайрли ишларини ўрнак сифатида кўрсатишдир. Асло уларнинг бу савобли амалларини шунчаки кўз кўз қилиб, риёга йўйиш ниятида эмасмиз.
Аллоҳ таоло барчамизни эҳсон қилгувчи, сахий ва кўпчиликка ёрдами тегадиган кимсалар қаторидан бўлишимизни бонасиб этсин.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Киритилган вақти: 10/11/2021 09:20; Кўрилганлиги: 966
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 02:18