Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Иштихон туманида сайёр йиғилиши бўлиб ўтди  

 
 

Бугун, 2025 йил 25 июн куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигининг ташаббуси ҳамда йиллик иш режасига асосан навбатдаги сайёр йиғилиш Иштихон туманида ўтказилди. Тадбирлар олдидан вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, ўзининг керакли кўрсатма ва топшириқларини бериб ўтди.

Мазкур тадбирлардан сўнг, Хайрулло домла Иштихон  тумани бош имом-хатиби Тошмуҳаммад домла Абилов ҳамроҳлигида туман марказидаги “Полвон ота” жоме масжиди ҳудудидаги бемор ва ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олиб, моддий кўмаклар кўрсатди ҳамда ҳақларига хайрли дуолар қилди.

Қолган бош имом-хатиблар ҳам тақсимот асосида тумандаги 12 та масжид имом-хатиблари ҳамда 2023-2024 йилларда Ҳаж ибодатига бориб келган ҳожилар ҳамроҳлигида 17 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг 100 дан зиёд ногиронлиги бор, ИҲМ, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва нотинч оилалар хонадонига ташриф буюрдилар. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди. Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Иштихон туманидаги 20 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Қўшничилик одоблари ва ҳақлари”, “Оила – муқаддас даргоҳ”, “Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш одоблари”, “Тинчлик қадри”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборсиз бўлмайлик”, “Ёшлар келажагимиз”, “Неъматларга шукр қилиш фазилати”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва бошқа бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар.

Шунингдек, Хайрулло домла “Полвон ота” жоме масжидида жамоат билан бирга Пешин намозини адо этди. Ҳамда жамоатга “Тинчлик олий неъмат” мавзусида мазмунли маъруза қилиб берди.

Шундан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Иштихон туманидаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Мазкур йиғилишга вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров бевосита бош бўлдилар. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда масжиднинг ҳужжат юритиш ва ободончилик бўйича ҳамда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш ва шу каби долзарб йўналишлар бўйича керакли кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.

Мазкур тадбирлардан сўнг, Аллоҳдан юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, юртбошимизнинг олиб бораётган ишларига зафарлар сўраган ҳолда хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллги Матбуот хизмати


Киритилган вақти: 25/06/2025 17:26;   Кўрилганлиги: 99
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/ishtixontumanida-sayyor-yigilishi-bolib-otdi
Чоп этилган вақт: 16/07/2025 10:11
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг