Инсон қалбига йўл — меҳр ва эътибордан бошланади

Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва эзгуликка чақириб, муҳтожлардан хабар олишни буюрган. Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ ҳам инсонларга яхшилик қилиш, етимлар, беморлар ва эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш энг улуғ ибодатлардан эканини таъкидлаганлар. Шу боис халқимиз азалдан меҳр-мурувват, саховат, бағрикенглик ва инсон қадрини улуғлашни миллий ва диний қадрият сифатида асраб келмоқда.
Ана шу эзгу ғояларни ҳаётга янада кенг татбиқ этиш мақсадида 2026 йил 7 июль куни Самарқанд вилояти Нарпай туманида кенг қамровли маънавий-маърифий ва хайр-саховат тадбирлари ташкил этилди. Унда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Б.Каримов, Нарпай тумани ҳокими Ш.Бўронов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосарлари Хайрулло домла Саттаров ва Нурсултонхон домла Абдуманнонов, «Вақф» хайрия жамоат фонди вилоят филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ҳамда нуронийлар иштирок этдилар.
Тадбир аввалида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар хонадонларига ташриф буюрилиб, уларнинг яшаш шароитлари ўрганилди ҳамда моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди. Беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг кўнгли кўтарилди, шифо ва офият тилаб самимий дуолар қилинди. Зеро, инсон дардига малҳам бўлиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш ва унинг қалбига умид бағишлаш Ислом таълимотида энг фазилатли амаллардан ҳисобланади.
Шунингдек, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган ёки ижтимоий муаммолар сабаб ҳаётида қийинчиликларга дуч келаётган айрим фуқаролар билан якка тартибда самимий мулоқотлар ўтказилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, ватанпарварлик, маънавий тарбия ва жамият олдидаги масъулият каби долзарб мавзулар ҳаётий мисоллар асосида кенг тушунтирилди. Асосий эътибор инсон қалбида эзгулик, умид, масъулият ва келажакка ишонч туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилди.
Тадбирлар давомида Нарпай туманидаги барча жоме масжидларида пешин намозидан кейин маънавий-маърифий учрашувлар ташкил этилиб, меҳр-оқибат, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, қўни-қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг баркамол инсон бўлиб вояга етиши учун эзгу дуолар қилинди.
Бугунги кунда инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда меҳр-мурувват муҳитини қарор топтириш — барқарор тараққиётнинг муҳим омилларидан биридир. Нарпай туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам аҳоли ўртасида ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга, инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб қилишга хизмат қилди.
Чунки меҳр билан яшайдиган жамиятда тотувлик мустаҳкам бўлади, саховат ҳукм сурган юртда барака зиёда бўлади, инсон қадри улуғланган мамлакатнинг келажаги эса ҳамиша порлоқ бўлади.







ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Киритилган вақти: 07/07/2026 19:26; Кўрилганлиги: 21
Чоп этилган вақт: 07/07/2026 21:05





















